“Инсон ижодининг кўзгуси”: аудиовизуал материаллар қачондан оммалашган?

Бу қизиқ

image

2005 йилда UNESCO Бош конференцияси ўзининг 33-сессиясида 27 октябрни Бутунжаҳон аудиовизуал мерос куни (World Day for Audiovisual Heritage) деб эълон қилиш бўйича резолюцияни тасдиқлади.  

Қарорда таъкидланишича, аудиовизуал меросни асраб-авайлаш учун алоҳида саъй-ҳаракатлар талаб этилади, чунки ахборот ташувчилар жуда заиф ва қисқа умр кўради. 

Ҳар йили ушбу кун маълум бир муаммо доирасида муайян мавзуга бағишланади. Халқаро санага бағишланган тадбирлар қаторидан қуйидагилар жой олади: аудиовизуал ҳужжатларни сақлашнинг аҳамиятига бағишланган давра суҳбатлари, конференциялар ва оммавий маърузалар, миллий кино архивлари, аудиовизуал жамиятлар, телевидение ёки радио ва ҳукумат томонидан биргаликда ишлаб чиқарилган маҳаллий дастурлар, фильмлар намойиши ва бошқалар. 

Аудиовизуал меросга фильмлар, радио ва теледастурлар, аудио ва видео ёзувлар киради. Бундай ҳужжатларни оммавий тарқатиш ХХ асрда бошланган ва ҳозирда улар бирламчи маълумотларнинг асосий ташувчиларидан бири ҳисобланади. 

Улар тил ва маданий чегараларни енгиб ўтишга ёрдам беради, саводли ва саводсиз одамлар томонидан эшитиш ёки визуал тарзда бир хил даражада самарали қабул қилинади. Бошқача айтганда, аудиовизуал ҳужжатлар анъанавий ёзма ахборот воситаларига қўшимча бўлди. 

Аудиовизуал архивлар бутун дунёдаги одамлар ва маданиятлар ҳақида сўзлайди. Улар жамиятларнинг маданий, ижтимоий ва лингвистик хилма-хиллигини акс эттиради. Аудиовизуал архивлар одамларнинг ўсишига ва дунёни тушунишига ёрдам беради. 

UNESCO собиқ раҳбари Ирина Бокованинг сўзларига кўра, аудиовизуал материалларга “инсон ижодининг кўзгуси ва маданиятларимизнинг жонли тўқималари сифатида қараш керак”. 

Унга кўра, бу меросни сақлаш унинг ҳақиқий қийматини билишга боғлиқ. Афсуски, унинг муҳим қисми қийматни нотўғри тушуниш, кимёвий парчаланиш ёки технологик қолоқлик натижасида қайтариб бўлмайдиган даражада нобуд бўлган. Аммо одамнинг Ойга биринчи қўниши каби лаҳзаларни йўқотишни тасаввур қилиш мумкинми? 

Аудиовизуал мерос жуда заифдир. UNESCO эса ушбу қисқа муддатли материалларни сақлаш ва алмашишда етакчи рол ўйнади. 1997 йилда яратилган “Жаҳон хотираси” халқаро реестри ҳозирда жаҳон миқёсида муҳим аҳамиятга эга бўлган 300 дан ортиқ ҳужжатли мерос, жумладан аудиовизуал меросни ўз ичига олади. 

Бутунжаҳон аудиовизуал мерос куни мероснинг инсонлар онгида тинчликни сақлашдаги ролини таъкидлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

мерос аудиовизуал

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг