Қўрғонтепада қадимий Сўғд санъатига оид ноёб топилма аниқланди
Local
−
20:16 503 2 minutes
Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Қўрғонтепа ёдгорлигида олиб борилган археологик қазишмалар вақтида илк асрларга оид гипс ҳайкалнинг бош қисми топилди. Бу ҳақда бугун, 12 сентябрь куни Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, топилма Самарқанд археология институти ходимлари Алишер Сандибоев, Амриддин Бердимуродов, Наврўз Олимов ва Санъат Хўжамовлар иштирокида олиб борилган тадқиқотлар давомида аниқланган.
(2).png)
Ҳайкалнинг бош қисми илк асрларга оид ибодатхона қолдиқлари орасидан топилган. Мутахассисларнинг айтишича, мазкур топилма Қўрғонтепа ибодатхонасининг диний-бадиий безаги ҳамда ўша давр санъатини ўрганишда муҳим илмий аҳамиятга эга. Ҳайкалнинг юз тузилиши, соч турмаги ва бошқа иконографик хусусиятлари қадимги Сўғд санъатининг ўзига хос жиҳатларини ўрганишда қимматли манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Қайд этилишича, қазишмалар давомида аниқланган хоналар қолдиқлари ва бошқа археологик топилмалар ибодатхонанинг ички тузилиши ва вазифаси, шунингдек, бу ерда ўтказилган диний маросимлар ҳақида янги маълумотлар олиш имконини бермоқда.
Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимовнинг сўзларига кўра, бундай топилмалар Ўзбекистоннинг археологик салоҳияти нақадар бой эканини яна бир бор кўрсатади.
.png)
Унинг қайд этишича, 2027 йилдан бошлаб ҳар йили археологик тадқиқотлар, аввало, ёш археологларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 25 миллиард сўм миқдорида грантлар ажратилади. Бу маблағлар иқтидорли мутахассисларга тўлақонли археологик қазишмалар олиб бориш, замонавий илмий усуллардан фойдаланиш ва янги кашфиётларни амалга ошириш имконини беради.
Маълумот учун, 2024 йилда Қўрғонтепадаги мазкур ибодатхона қолдиқлари орасидан тўрт қўлли маъбуд тасвири акс эттирилган деворий рангтасвир, шунингдек, сопол ҳайкалга оид қўл ва оёқ қисмлари ҳам топилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёдаги Озод ёдгорлигида милоддан аввалги 1700–1500-йилларга оид Сополли маданиятига хос қабристон топилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
AllToshkentda vertikal “parkovka”lar o'rnatilmoqda
11 September