Инқироз, бизнесдаги йўқотишлар, ўйин қоидалари ҳақида Зафар Ҳошимов билан суҳбат
Интервью
−
17 Апрель 2020
6606Бу инқироз бошқаларига ўхшамайди, бироқ бизнесда ҳар қандай шароитда имконият бор. Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси, мамлакатнинг таниқли тадбиркорларидан бири Зафар Ҳошимов Mfaktor лойиҳасида коронавирус пандемияси ортидан келиши мумкин бўлган инқириз ва унинг таъсири, қолаверса, карантиннинг инқирознинг олдини олишдаги жиҳатларига тўхталди.
Зафар Ҳошимов, тадбиркор: — Тадбиркор деганда ташаббускор, истиқболни кўра оладиган, ижодий назар билан ҳаётга қарайдиган, замонга мослашувчан, фойда топаман деб таваккалчиликка қўл урадиган одамлар тушунилади. Бундай одамлар, албатта, оптимист бўлади. Яъни улар ҳар қандай қийинчиликда ҳам муаммодан кўра, имкониятларни кўра оладиган одамлардир.
Бу инқироз қандай туридан?
З.Ҳ.: — Инқирозларга келсак, тарихда кўплаб инқирозлар бўлган. Иқтисодиётда ҳам инқирозлар бўлиши муқаррар. Яъни иқтисоднинг ўз ривожланиш цикли бор. Инқирозлар тез-тез келиб туриши ёки гоҳида келиши мумкин. Иқтисодиётда кўплаб тадбиркорлар ўртасида келишмовчилик юзага келади ва бунинг натижасида инқироз вужудга келади. Шу пайт ривожланишнинг жуда муҳим босқичи ҳисобланади. Инқироз –иқтисодиётни ўзгаришга бошлайдиган турткидир. Инқироз маълум даҳаларда бўлиши мумкин, инқироз минтақавий бўлиши мумкин. Масалан, Венесуэла катта нефти бор, бой давлат бўла туриб, нотўғри бошқарув ортидан аҳолига, ҳатто, озиқ-овқат етмай қолди.
Инқироз глобал бўлиши мумкин. Бугун давом этаётган инқироз ҳам аслида сабаблари иқтисодий бўлмаган туридан. Лекин бунинг натижасида иқтисодий инқироз юзага келмоқда. Ва бу ҳақиқатан глобал бўлиб, бунинг ортидан бутун дунё иқтисоди тўхтаб қолди. Буни таҳлил қилиш ҳам қийин. Чунки бундай аҳволда олдин ҳеч қайси мамлакат корхоналари ҳолати тушиб кетмаган эди.
Тадбиркорларга маслаҳат
З.Ҳ.: — Агар тадбиркорлик ва инқироз ҳақида гапирадиган бўлсак, тадбиркорлик бу бир қайиққа ўхшайди. Юқорида айтган сифатларимга эга бўлган тадбиркорлар бир қайиқ ясайди ва бунда уммонга сафарга чиқади. Уммонга сафар учун чиққан одам билиши керакки, ҳар доим офтоб ва шамол бўлмайди ҳамда доимо текис, сув сатҳи тик ҳолатлар учрайвермайди. Яъни бўронлар ҳам бўлади. Сафарга чиққан пайтимизда буни бўйнимизга олиб чиқамиз. Саёҳатга чиққанда “бисмиллоҳ” деб чиқамиз.
Бунда тадбиркор нимага ишониши керак? Мен айтаманки, авваламбор, Аллоҳга ишониб бу йўлга чиқиш керак. Синовларни берувчи ҳам Аллоҳ деб билиш керак. Инсон ҳаётида босаётган қадамларини ҳам шунга қараб ташлаши керак. Бошқа тарафдан неъмат, ризқ, омад, муваффақиятни ҳам Аллоҳ бергувчидир. Тадбиркорнинг энг охирги сифати оптимизм бўлса, бунинг манбаси Аллоҳга ишончдир. Тадбиркор таваккал қилдими, билиш керак имконияти йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Чунки, Аллоҳ ҳамма нарсага қодир.
Бизнес ҳақида
Мен математик бўлганим учун айтсам, ўйинлар назарияси деган тушунча бор. Бу шундай ўйинки, ҳеч қачон тугаб қолмайди. Қийинчилик ва баланд-паст ҳамиша бўлади. Худди “perpetuum mobile” деган тушунча бор-ку. Яъни, ўзини-ўзи юргизувчи, батареяси тугамайдиган ускунадек. Агар биз тадбиркорларнинг қувватимиз тугаб қолмаса, бизнеснинг қандай шароити бўлса ҳам, юргизишга имконият бор. Тарихда неча марта тушиб, неча марта кўтарилган бизнесменлар ҳақида ўқиганмиз. Шунинг учун бундай ҳолатда куч-ғайрат бўлиши керак.
Нақди ширин деймиз-ку. Инқироз вақтида ҳам шундай. Нақд деганда, қоғоз пул кўринишда айтилмаяпти. Тадбиркор иложи борича маблағларини жамлаши керак. Бир жойларда бўлган кераксиз жиҳозларда ёки кераксиз мулкда бўлса, ўшалардан иложи борича қутулиб, маблағни жамлаш керак. Чунки инқирозда энг зарур хомашё бу – ҳисобрақалардаги ёки қўлдаги пулдир. Харажатда ҳам ўтган вақтлардек бекорга пул ўтказишлар, сарфлашларга ҳам ҳушёр бўлиш керак. Олдинга қараб турганимизда кўп ноаниқликлар бор. Ва шу йўлда корхоналаримизни сақлаб қолиш жуда муҳим. Маблағларимизни истиқболли жойларга ишлатишимиз керак. Хуллас, тадбиркор ликвидликни сақлаш керак.
Тадбиркорларга ва истеъмолчиларга ёрдам
Тадбиркорда интизом, шижоат, ғайрат, сабр бўлиши керак. Тадбиркорлик осон эмас. Негаки, ҳақиқий тадбиркорлик иқтисод зўр бўлиб ривожланганда эмас, айнан шундай пайтда синалади. Шу пайтда, қийин экан деб ташлаб кетиш керак эмас. Президентимизнинг видеоселекторини кўрдим. Унда давлат раҳбари битта корхонанинг ҳам ёпилишига фавқулодда ҳолатдек қаралиши кераклиги айтди. Бу нафақат давлатга, балки биз тадбиркорларга ҳам керак. Бу синовлардан ўтиб, мамлакатни ривожлантиришда асосий ўринда тадбиркорлик бўлади.
Иқтисодиётга ёрдам шу йўсинда бўлиши керакки, талаб ва таклифнинг инқирози бўлиб турган вақтда бир тарафнинг туртки бериб юбориши жуда муҳим. Тадбиркорлик субъектларига, ижтимоий ва бошқа соҳа вакилларига ёрдам бериш бўйича дастурлар амалга оширилмоқда. Давлат ҳам кам эмас, 33 триллион сўмдан ортиқ пулни ваъда қилди ва бу қисман амалга ошмоқда. Лекин ўйлардимки, энг аввало халқимизда ижтимоий жиҳатдан даромади камроқ, ишсиз қолган, даромадсиз қолган қатламларга ёрдам бериш керак. Жамшид Қўчқоровнинг айтганларини кўрдим ва бу анча далда бўлди. Чунки иқтисодий блокимизда шундай қарор қабул қилиш механизми ишлаётган экан. Истеъмолчилар, яъни аҳоли пул олса, иқтисодиёт тезда қайтади.Чунки истеъмолчилар харажат қилади – электр энергиясига тўлайди, сувга тўлайди, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва ҳоказоларга пул сарфлайди. Бу ҳам иқтисодиётга, ҳам халққа енгиллик бўлар эди.
Ходимлар ва харидорларга эътибор қаратиш керак
Бундай пайтда энг асосий қайғурадиганимиз бу – ходимларимиз ва харидорларимиздир. Инқироз бу одамийлик даражасидаги синовдир. Агар одамларга фойдаси тегмайдиган фаолият бўлса, у бизнес бўлмайди. Ҳар қандай бизнесдан манфаатдор ходимлар, манфаатдор харидорлар бор. Шундай инқирозда ҳам ходимлари, ҳам харидорлар ғами билан яшаш керак. Албатта, энди бу имконият борича қилинади. Чунки корхонани сақлаб қолиш тадбиркор учун энг катта масаладир. Корхона сақлаб қолинса, эртага ходим ва харидорларни қўллаб-қувватлай олади. Бизнес шундай нарсаки, шароитдан фойдаланиб фойдани ошириб оламан дея калта ўйлаш керак эмас. Чунки буни харидорлар ҳам кўриб турибди. Ходимларингиз ҳам шунга яраша муносабатда бўлади. Шу пайтда билиш керакки, биргаликда ҳаракат қилиш керак. Бирликда куч бор.
Инқироз пайтида энг керакли жиҳат бу – кўп ўқиш ва билим олиш. Чунки ҳаммамизда жавобдан кўра саволлар кўп. Масалан ҳозир вебинарлар бўлмоқда. Кўплаб тадбиркорлар томонидан саволлар берилмоқда: қандай шароитдамиз ва нима қилиш керак? Бу жуда умумий саволлар ва менда бунга жавоб йўқ. Лекин ўзимнинг ўқиган ва билганларим бўйича умумлаштириб етказмоқчиман. Бу оддий молиявий ёки иқтисодий инқироз эмас. Бу – табиатини таҳлил қилсак, жуда бошқача инқироз. Дунё миқёсида савдо тўхтаб қолган. Иқтисодий карахтлик бўлиб турибди.
Коронавирус зарари
Бу жуда ўткир касалликдир. Касалликда ўлимлар сони катта бўлмаса ҳам, юқумлилик хавфи тез, худдики ўрмонга ўт кетгандек тарқалади. Ҳозирги карантин чоралари тарқалишни секинлаштиришга хизмат қилади. Статистикадан биляпмизки, бу касаллик аҳолининг 80 фоизида енгил, 15 фоизида оғирроқ ва 5 фоизида ҳаётига хавф солувчи даражада экан. Агар эпидемияни ўз ҳолича қўйиб берса, мана шу 5 фоиз ва 15 фоиз даражадаги беморлар сабабли, тиббий хизмат етказиб бера олмай қолиши мумкин. Бунда ўлимлар сони кўпайиб кетиши мумкин. Буни Италия, АҚШдаги ҳолатларни кўрсак бўлади. Бунинг ортидан тиббий хизмат карахт ҳолатга тушиб қолади. Нафақат коронавирусга чалинганлар, балки оддий касаллар ҳам тиббий ёрдам ололмай қолади. Шифохоналар тўлиб кетганидан қулфлаб қўйиш ҳоллари кузатилмоқда.
Карантин қўлланилмаса...
Ҳозир иқтисодни тўхтатиб қўйган омил бу – коронавирусга қарши кўрилаётган чоралар, яъни карантин. Шу ўринда айтмоқчиманки, карантин ягона тўғри йўл. Ҳамма уйида қолиб, касаллик тарқалишини тўхтатишимиз керак. Иқтисодчилар буни айтиб ўтишдики, карантиндан ютқазадиган даражамизга қараганда эпидемияни назорат қилмасак ва у тарқалиб кетса, бу 30 баробар кўпроқ зарар келтиради. АҚШ мисолида олсак: ҳозир ажратилган маблағ 2 триллион доллар бўлса, коронавируснинг потенциали 66 триллион доллар бўлиши маълум қилинди. АҚШдек катта иқтисодий қудратга эга давлат бир йилда 20 триллион ялпи ички маҳсулоти бўлса, зарар уларнинг 3,5 йиллик миқдорида бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Агар Европа давлатларига ўхшаб аввал бўш қўйиб, кейин чоралар қўлланилса, иқтисодий асоратлари 5 баробардан 15 баробаргача бўлиши мумкин экан. Энди йўқотилган инсонлар масаласига келсак, бу йўқотишни баҳолаб бўлмайди. Бу карантин чоралари 1 хафта, 1 ойда ўтиб кетади деб ўйлаш ўта оптимизм бўлар эди. Аввало хато қилаётган бўлай, бунинг таъсири ва асоратлари ҳали бутун дунёда анча давом этади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь