Инфантино Мексиканинг CONMEBOL’га ўтишига ёрдам бермоқчи – ОАВ

Спорт

image

FIFA президенти Жанни Инфантино Мексика футбол федерациясининг (МФФ) Жанубий Америка футбол конфедерацияси (CONMEBOL)га қўшилишида ёрдам беришга ваъда берди. Бу ҳақда AS хабар берди.

Аввалроқ, МФФ Шимолий, Марказий Америка ва Кариб ҳавзаси футбол конфедерацияси (КОНКАКАФ) доирасида Инфантинонинг FIFA Forward Enterprise тижорий лойиҳасини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирган ягона федерация бўлган эди.

ОАВ хабарларига кўра, КОНКАКАФ Мексика терма жамоасини Олтин Кубокдан, клубларни эса Лига Кубогидан четлатиш ҳамда Жаҳон чемпионати саралаш босқичида очколардан маҳрум қилиш билан таҳдид қилган.

Манбага кўра, МФФ FIFA Forward Enterprise лойиҳаси муваффақиятсизликка учраганига қарамай, Инфантинони қўллаб-қувватлашда давом этган. Бунга FIFA президентининг аввалроқ Мексикага КОНКАКАФдан CONMEBOL’га ўтишда ёрдам беришни ваъда қилгани сабаб бўлган.

Мексика терма жамоасининг Копа Америка, мамлакат клубларининг эса Либертадорес кубоги мусобақаларида иштирок этиши сабабли МФФ КОНКАКАФ раҳбарияти ва бошқа аъзолари билан муносабатлари совуқлашган.

Таъкидланишича, Мексиканинг CONMEBOL’га ўтиш жараёнидаги омиллардан бири 2030 йилги Жаҳон чемпионатининг 64 та жамоагача кенгайтирилиши бўлиши мумкин. Бу ҳолат CONMEBOL’га турнирда кўпроқ ўрин ажратилишига олиб келади ва Мексиканинг Жаҳон чемпионатига йўлланма ололмай қолиш хавфини камайтиради.

Мексика, шунингдек, 2029 йилги Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритишга умид қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аргентина футбол ассоциацияси ҳам FIFA президенти Жанни Инфантинони қўллаб-қувватлашини билдирган расмий баёнотни эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг