Индонезияда икки марказий осиёлик ўлимга ҳукм қилиниши мумкин
Олам
−
26 Июнь 10186 2 дақиқа
Индонезиянинг Бали оролида икки нафар Қозоғистон фуқароси ва бир америкалик наркотик савдоси билан боғлиқ жиноятда гумон қилиниб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Orda.kz” хабар берди.
Маълум қилинишича, икки нафар қозоғистонлик жорий йилнинг апрель ойида ушланган. Тергов версиясига кўра, улар 49 граммга яқин метамфетамин ташиётган бўлиб, бу моддани гиёҳванд савдосида ишлатиш учун етказиб берган. Қозоғистон фуқароларига қўйилган айбловлар ўлим ҳукми билан жазоланиши мумкин бўлган жиноятлар тоифасига киради.
Ҳозирча АҚШ ва Қозоғистон элчихоналари ушбу ҳолат бўйича изоҳ бермаган. Қозоғистон ҳукумати юзага келган вазият тафсилотларини аниқлаштиришини билдирмоқда.
Бали наркотиклар билан кураш хизмати маълумотига кўра, 2025 йилнинг апрель ва май ойларида оролда гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ 15 иш фош этилган, 21 киши ҳибсга олинган, шулардан 5 нафари хорижликлар. Улар орасида деярли 200 грамм “гашиш” моддасини ташиган австралиялик ва 488 грамм марихуана билан қўлга олинган ҳиндистонлик бор.
Шу ҳафта Бали оролида яна уч нафар британиялик фуқарога қарши суд жараёни бошланган. Улар ҳам наркотик контрабандасида айбланмоқда. Агар айблов тасдиқланса, уларга ҳам ўлим жазоси қўлланиши мумкин.
Индонезия 2017 йилдан бери норасмий равишда ўлим жазоларини ижро этишни тўхтатган бўлса-да, ўлим ҳукмлари чиқаришда давом этмоқда. Иммиграция ва жазони ижро этиш органлари маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда 90 дан ортиқ хорижлик ўлим жазосини кутмоқда, уларнинг барчаси гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар учун ҳукм қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой судида порахўрлик жинояти учун мансабдор шахс ўлим жазосига ҳукм қилинганди. Унинг ҳукм ижроси эса икки йилга кечиктирилганди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь