Индонезияда асирга олинган учувчи 1,5 йилдан сўнг озод қилинди
Олам
−
21 Сентябрь
2890Янги зеландиялик учувчи Филипп Мертенс Индонезиянинг нотинч Папуа минтақасида 18 ойдан ортиқ асирликдан кейин озод қилинди. Бу ҳақда Янги Зеландия Ташқи ишлар вазири Уинстон Питерс баёнот берди.
“Филипп Мертенс хавфсиз ва соғлом экани ҳамда оиласи билан гаплаша олганини тасдиқлашдан мамнунмиз... Ушбу янгилик унинг дўстлари ва яқинлари учун катта енгиллик бўлса керак”, дейди вазир ўз баёнотида.
Қайд этилишича, Ғарбий Папуа Миллий озодлик армиясининг қуролли гуруҳи 2023 йил 7 февралда Мертенсни олис, тоғли Ндуга ҳудудига кичик тижорат самолёти билан қўнгандан кейин ўғирлаб кетган. Улар Мертенсни асирга олиб, Янги Зеландияни Папуанинг Индонезиядан ажралиб чиқиши учун лобби қилишга ундамоқчи бўлган. Бироқ бу амалга ошириш имконсиз бўлган талаб сифатида кўрилган.
Питерснинг сўзларига кўра, унинг вазирлиги Индонезия ва Веллингтондаги ходимлари билан Филипп Мертенснинг озод этилиши учун бутун ҳукуматнинг доимий саъй-ҳаракатларини бошқарган. Шунингдек, у Мертенснинг оиласи шахсий дахлсизлик сўрагани ва бошқа изоҳ берилмаслигини маълум қилган.
Билдирилишича, Мустақиллик тарафдори бўлган жангчиларни Озод Папуа ҳаракатининг қуролли қаноти аъзоси Эгианус Когея бошқаради. Дастлаб улар минтақанинг ажралиб чиқиш талаби бажарилмаса, учувчини ўлдириш билан таҳдид қилган. Учувчининг қандай шарт эвазига озод қилингани ошкор этилмаган.
Маълумот учун, Ғарбий Папуа Миллий озодлик армияси Индонезия ҳукумати томонидан террорчи ташкилот сифатида белгиланган.
Нидерландиянинг собиқ мустамлакаси бўлган Папуа 1969 йилдаги баҳсли референдумдан сўнг Индонезияга расман қўшиб олинган. Минтақа мустақиллиги тарафдорлари эса референдум эркин ва адолатли ўтказилмаганини таъкидлайди.
LiveБарчаси