Индонезия вице-президенти лавозимидан истеъфога чиқди
Олам
−
18:47 366 2 дақиқа
Индонезия вице-президенти Гибран Ракабуминг Рака хорижда олган таълимига оид ҳужжатлари ва лавозимга сайланиш ҳуқуқи юзасидан пайдо бўлган шубҳалар фонида истеъфога чиқди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, 39 ёшли Гибран Ракабуминг Рака 12 ноябрь куни мамлакатнинг энг юқори қонун чиқарувчи органи – Халқ маслаҳат ассамблеяси раҳбариятига истеъфо аризасини топширган. Бу воқеа пойтахт Жакартадаги парламент биносида содир бўлган. У учрашувдан чиқиб кетаётганида журналистларга изоҳ бермаган.
Билдирилишича, Раканинг истеъфоси унинг хорижда олган таълимига оид ҳужжатлар билан боғлиқ баҳслар кучайган бир пайтга тўғри келди. Ўтган ойда Индонезия Конституциявий суди ва Олий суди сиёсатчи тақдим этган таълим ҳужжатлари сайлов талабларига мос келмаслиги ҳақида қарор чиқарган.
Шундан сўнг, 11 ноябрь куни саккизта сиёсий партиядан 120 нафар депутат парламент раҳбариятига мурожаат қилиб, Ракани лавозимидан четлатиш жараёнини бошлаш ташаббусини илгари сурган. Қонунчиликка кўра, парламент раҳбарияти вице-президентнинг Конституцияни бузган-бузмаганини текшириш учун махсус комиссия тузиши керак. Агар айбловлар учун етарли асос бор деб топилса, масала Конституциявий судга киритилади.
Аввалроқ, 10 ноябрь куни Рака Президент Прабово Субианто билан учрашувда сиёсий можаронинг чўзилиб кетишининг олдини олиш мақсадида истеъфога чиқишни таклиф қилган эди. Бироқ ўша пайтда президент унга ўзини ҳимоя қилишни маслаҳат бергани айтилган ва истеъфо таклифи қабул қилинган-қилинмагани номаълум бўлиб қолган.
Индонезия Конституциясига кўра, вице-президент лавозими бўш қолган тақдирда навбатдан ташқари сайлов ўтказилмайди. Унинг ўрнига президент томонидан таклиф этилган икки номзоддан бири 60 кун ичида Халқ маслаҳат ассамблеяси томонидан сайланиши керак.
Маълумот учун, Гибран Ракабуминг Рака собиқ президент Жоко Видодонинг ўғли ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Парагвай президенти Сантьяго Пенья мамлакатдаги йирик рақамли банклардан бири – Ueno фаолиятининг инқирозга юз тутиши ортдан истеъфога чиқдигани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси