Индонезия осмонида мўжизавий ҳодиса кузатилди (видео)
Олам
−
04 Май 4489 2 дақиқа
Жорий йилнинг 1 май куни Индонезиянинг Богор маъмурий ҳудудига қарашли Жонггол шаҳри осмонида камалаксимон булут пайдо бўлди. Расмийлар бу ҳодиса оддий оптик эффект эканини ва хавфли об-ҳаво белгиси эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда “The online citizen” хабар берди.
Қайд этилишича, Ғарбий Яванинг Жонггол осмонида кузатилган камалаксимон булут аҳоли ва ҳайдовчиларнинг эътиборини тортган, баъзилар бу ҳодисани тасвирга олиш учун тўхташга мажбур бўлган. Ушбу ҳодисани маҳаллий фуқаро, 21 ёшли Аҳмад Байҳақи Пратама Жонгголдаги Жепраҳ йўли бўйлаб кетаётганда пайқаб қолган.
“Ҳали ёмғир ёғмаган эди, лекин ўнг томонда камалакка ўхшаш нимадир кўринди”, дейди у.
Хабарларга кўра, бир нечта ҳайдовчилар ҳаракат тезлигини пасайтирган, бошқалари эса йўл четига тўхтаб, ўша лаҳзани муҳрлаш учун телефон камераларини осмонга қаратган. Оқибатда ҳудуддаги йўл ҳаракати вақтинча издан чиққан.
Индонезия Метеорология, иқлимшунослик ва геофизика агентлиги (BMKG) ушбу ҳодиса атмосфера оптикаси билан боғлиқ бўлган оддий ҳодиса эканини билдирган.
“Видеода кўринган ҳодиса атмосферада тез-тез учрайдиган ҳолат бўлиб, у атмосфера оптикаси билан боғлиқ”, дейди BMKG жамоат метеорологияси директори вазифасини бажарувчи Ида Прамувардани.
Унинг тушунтиришича, камалаксимон ранглар қуёш нурининг ҳаводаги сув томчилари, жумладан, ёмғирдан кейин қолган зарралар билан ўзаро таъсири натижасида юзага келган.
“Камалак ранглари қуёш нурининг ҳаводаги қолдиқ ёмғир ёки видеода кўринганидек, Сентул ҳудудининг бошқа қисмларида ёғаётган ёмғир томчилари билан таъсирлашиши натижасида пайдо бўлади”, дейди у.
BMKG қўшимча қилишича, ўша вақтда баланд тўп-тўп булутлар ҳам кўринган ва улар камалакнинг бир қисмини тўсиб қўйгани сабабли “камалак булути”га ўхшаб кўринган. Агентлик бу ҳодиса яқинлашиб келаётган бўрон белгиси эмаслигини алоҳида таъкидлаган.
“Бу ҳодиса яқинлашаётган бўроннинг бевосита белгиси эмас, балки конвектив булутларнинг ўсиши ва кузатув нуқтасида об-ҳаво очиқ бўлса-да, атрофдаги ҳудудларда маҳаллий ёмғир ёғиши эҳтимолини англатади”, дейди Прамувардани.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри аҳолиси ноёб табиат ҳодисасига гувоҳ бўлганди. Ўшанда қалин булутлар тезлик билан ёпирилиб келиб, шаҳар осмонини қоплаб олган эди.
Live
Барчаси