Индонезия Хитойдан 42 та қирувчи самолёт сотиб олмоқчи
Олам
−
18 Октябрь 3433 2 дақиқа
Индонезия армияни модернизация қилиш режаси доирасида тез орада Хитойдан қирувчи самолётлар сотиб олади. Бу ҳақда жорий йилнинг 15 октябрь куни мамлакат Мудофаа вазири Шафри Шамсуддин Жакартада журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
Шамсуддиннинг сўзларига кўра, Жакарта Хитойда ишлаб чиқарилган камида 42 та Chengdu J-10C қирувчи самолётларини сотиб олади. Бу мамлакатнинг Ғарбга тегишли бўлмаган самолётларни сотиб олиш бўйича биринчи келишуви бўлади.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ушбу харид Индонезия ҳаво кучларига замонавий технологияларни жорий этиш ва минтақадаги хавфсизлик салоҳиятини ошириш имконини беради.
Жорий йининг 15 октябрь куни Молия вазири Пурбая Юдхи Садева Хитойдан 9 миллиард доллардан ошиқ қийматдаги самолёт сотиб олиш учун бюджетни тасдиқлаган.
Қайд этиш жоиз, Индонезия Президент Прабово Субианто маъмурияти остида ҳарбий арсенални янгилаш ва модернизация қилиш ҳамда мудофаа саноатини мустаҳкамлашга киришган. Субианто 2019 йилда Мудофаа вазири этиб тайинланганидан бери янги ҳарбий қурол тизимлари, кузатув ва ҳудудий мудофаа қобилиятларини олиш мақсадида Хитой, Франция, Россия, Туркия ва АҚШга сафар қилган.
Маълумотларга кўра, Индонезия 2024 йил январь ойида Франциянинг Dassault Rafale қирувчи самолётларидан 42 тасига буюртма беришни якунлаган бўлиб, уларнинг биринчи партияси 2026 йил бошида етказиб берилиши кутилмоқда. Шунингдек, Жануби-Шарқий Осиёнинг энг йирик иқтисодиёти бўлган мамлакат икки дона Scorpene Evolved сувости кемасини ва 13 та Thales компаниясининг ерусти назорат радарини харид қилишини ҳам эълон қилган.
Индонезия Мудофаа ва стратегик тадқиқотлар институти таҳлилчиси Бени Сукадиснинг таъкидлашича, ҳукумат сиёсий жиҳатдан бетарафлик позициясини сақлаётган бўлса-да, танловининг геосиёсий оқибатларини эътибордан четда қолдирмаслиги лозим. Унга кўра, ўнлаб йиллар давомида Ғарб етказиб берувчиларига таяниб келган Индонезиянинг Пекиндан йирик қурол хариди Хитойнинг Жануби-Шарқий Осиёда ҳарбий ва дипломатик таъсири кучайиб бораётган бир пайтда мамлакатнинг хавфсизлик сиёсатидаги йўналиш ўзгариши сифатида баҳоланиши мумкин. Сукадис бу қарор Жанубий Хитой денгизида Хитой манфаатлари билан боғлиқ минтақавий сезгирликни кучайтириши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистон АҚШдан қирувчи самолёт сотиб олиш режасидан воз кечган эди. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди бошчилигидаги ҳукумат АҚШдан янги ҳарбий техника харид қилишни режалаштирмаяпти, гарчи бу Президент Дональд Трампнинг асосий талабларидан бири бўлган бўлса-да.
Моҳичеҳра Қадамова