Францияда қирувчи самолёт ҳалокатга учради. Қурбон бор
World
−
15:30 862 2 minutes
Кеча, 20 октябрь куни Франция Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли Mirage 2000D қирувчи самолёти Мерт ва Мозель департаментидаги Рожевиль ҳудудида ҳалокатга учради. Оқибатда камида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Le Monde” газетаси хабар берди.
“Франция Ҳарбий-ҳаво кучлари ва коинот кучлари маълумотларига кўра, сешанба, 20 сентябрь куни Нанси-Оше 133-авиабазасининг Mirage 2000D самолёти топшириқдан қайтаётганда ҳалокатга учради”, дейилади хабарда.
Воқеа жойида экипаж аъзоларидан бирининг жасади топилган. Унинг шахси ҳозирча аниқланмаган. Иккинчи ҳарбий хизматчи – учувчи ёки қуролланиш тизимлари операторини қидириш ишлари давом этмоқда.
Самолёт 2/3 “Шампань” қирувчи эскадрильясига тегишли бўлган. Ҳалокат сабабларини аниқлаш учун парвозлар хавфсизлиги соҳасида суриштирув ва суд суриштируви бошланган.
Понт-а-Муссон мэри Анри Лемойннинг хабар қилишича, самолёт парчалари дрон ёрдамида топилган. Рожевиль мэри Паскаль Дойоттнинг сўзларига кўра, гувоҳлар баланд портлаш овозини эшитишган ва оловли шарни кўрган.
Қидирув операциясига Мерт ва Мозель департаментининг ўт ўчириш ва қутқарув хизматлари, Ҳарбий-ҳаво кучлари мутахассислари ва жандармерия жалб қилинган. Дала ва ўрмонлардан иборат ҳудуд вертолётдан ҳам кўздан кечирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Рейнланд-Пфальц федерал ерида жойлашган АҚШ авиабазасида F-16 қирувчи самолёти ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All