Ҳиндистон АҚШдан қирувчи самолёт сотиб олиш режасидан воз кечди – ОАВ

Олам

image

Ҳиндистон ҳукумати АҚШдан F-35 русумидаги “кўринмас” қирувчи самолётларни сотиб олиш режасидан воз кечганини Вашингтонга маълум қилди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.

Манбаларга кўра, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди бошчилигидаги ҳукумат АҚШдан янги ҳарбий техника харид қилишни режалаштирмаяпти, гарчи бу Президент Дональд Трампнинг асосий талабларидан бири бўлса-да. Аксинча, Нью-Деҳли АҚШ билан биргаликдаги ишлаб чиқариш ва технологик ҳамкорликка таянмоқчи.

Трамп февраль ойида Модининг Оқ уйдаги ташрифи чоғида АҚШ Ҳиндистонга “кўплаб миллиард долларлик” ҳарбий техника етказиб беришни кўзлаётгани ва бу доирада F-35 қирувчиларини экспорт қилиш мумкинлигини айтган эди, аммо Ҳиндистон бу таклифдан очиқчасига воз кечмоқда. 

Ҳиндистоннинг бу қарори Трампнинг мамлакатга қарши айтган кескин баёнотлари ортидан келмоқда. Президент Ҳиндистонга Россиядан қурол ва энергетик ресурслар харид қилаётгани учун 25 фоизлик божлар жорий қилишини айтган. Трампнинг таъкидлашича, АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо муносабатлари ортиқча тарифлар ва “энг мураккаб савдо тўсиқлари” туфайли охири кўринмас нуқтага етган.

Нашр манбаларига кўра, Ҳиндистон раҳбарияти Трампнинг баёнотидан “ҳайратда ва ҳафсаласи пир бўлган”. Ҳиндистон Савдо вазири Пиюш Гоял яқинда АҚШ билан савдо битими тузилишига ишонч билдирган эди. 

Маълумот учун, F-35 қирувчилари АҚШнинг Lockheed Martin компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва бешинчи авлоднинг кўп функцияли, радарларга кўринмас қирувчи-бомбардимончилари ҳисобланади. Уларнинг учта варианти мавжуд:

F-35A – АҚШ ҳаво кучлари учун мўлжалланган оддий учиш-қўнишли модель;
F-35B – қисқа учиш ва вертикал қўнишга мўлжалланган модель (АҚШ денгиз пиёдалари ва Британия флотига хизмат қилади);
F-35C – АҚШ денгиз флоти учун кемага қўниш имконини берувчи модель.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг давлатга қарашли нефтни қайта ишлаш заводлари ўтган ҳафтадан бошлаб Россиядан нефть харид қилишни тўхтатгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу узоқлашув, шубҳасиз АҚШнинг Ҳиндистонга қилган совуқ муносабатларидан кейин юзага кела бошлади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ҳиндистон қирувчи самолёт F-35 Нарендра Моди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг