Inbazar раҳбарига нисбатан терговга қадар текширув бошланди
3-саҳифа
−
16 Сентябрь
13321Inbazar савдо маркази раҳбари Омадтилло Холматовга нисбатан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Қайд этиш жоизки, ҳозирда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеолардаги ҳолатлар эски бўлиб, муқаддам ҳеч ким ариза билан ички ишлар органларига мурожаат қилмаган. Ҳозир видеода акс этган шахсларнинг шахси аниқланиб, текширув ўтказилмоқда.
Маълумот учун, 14 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган Inbazar савдо маркази филиалида ходим дўконнинг бошқа бир вакили томонидан калтакланганди. Кўп ўтмай тармоқ раҳбари видеомурожаат қилиб, зўравонга жазо кўрилишини айтиб чиқди. Ўз ходимини калтаклаган савдо маркази вакилига нисбатан эса ички ишлар органлари томонидан чора кўрилганди.
15 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Inbazar савдо маркази раҳбари Омадтилло Холматовнинг ўзи ходимларини дўппослаётгани ёхуд кимлар орқалидир калтаклатаётгани акс этган видеолар тарқалди. Тармоқларда сиздирилган видеолардан бирида у ходимини ерга ётқизиб ураётгани, тепкилаётганини, иккинчи бир видеода эса кўчада ўзи ва бошқа икки одам билан яна бир йигитни уришга ҳаракат қилганини кўриш мумкин. Ҳар бир видео давомида Омадтилло Холматов ходимларини ҳақоратлаб, уларни уриштиришга ва ўзи ҳам уришга интилган. Ва раҳбар бу жараёнларни видеога ҳам олган. Ходимларини эса калтаклаган. Савдо маркази бошлиғи, шунингдек, уларни бошқа шундай ҳолат кузатилса, аяб ўтирмаслиги билан қўрқитган. Бундан ташқари, Inbazar раҳбари Холматов уларни итларга ғажитишини ҳам таъкидлаган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса Inbazar ва унинг маҳсулотларига бойкот эълон қилмоқда.