Inbazar тугатиладими?
Жамият
−
19 Сентябрь
16127Ижтимоий тармоқларда Inbazar савдо дўконлари тармоғидаги ходимлар сони ҳамда ташкилотнинг тугатилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга Солиқ қўмитаси муносабат билдирди.
Қўмита берган маълумотга кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳрида Inbazar савдо бренди остида 3 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда: “In mag”, “Go trend” ҳамда “Kds sales” масъулияти чекланган жамиятлари.
Тақдим этилган солиқ ҳисоботларига кўра, ушбу тадбиркорлик субъектларида 44 нафар ходим расман иш билан таъминланган. Солиқ органлари қонун ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларидан келиб чиққан ҳолда, солиқ тўловчилар томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ҳамда ўз вақтида тўланиши устидан назоратни амалга оширади.
Солиқ органлари томонидан 2024 йилнинг ўтган даврида Soliq mobil иловасидаги “Солиқ ҳамкор” тизими орқали харидорлардан келиб тушган мурожаатлар асосида, мазкур тадбиркорлик субъектларида 17 маротаба сайёр солиқ текширувлари ўтказилиб, аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича жарималар қўлланилган.
Шунингдек, штатида 1 нафар ходим кўрсатилган “Inbazar” МЧЖ тадбиркорлик субъекти сифатида фаолият юритмайди ва ҳозирги пайтда ихтиёрий тугатилиш босқичида.
Маълумот учун, 14 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган Inbazar савдо маркази филиалида ходим дўконнинг бошқа бир вакили томонидан калтакланганди. Кўп ўтмай тармоқ раҳбари видеомурожаат қилиб, зўравонга жазо кўрилишини айтиб чиқди. Ўз ходимини калтаклаган савдо маркази вакилига нисбатан эса ички ишлар органлари томонидан чора кўрилди.
15 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Inbazar савдо маркази раҳбари Омадтилло Холматовнинг ўзи ҳам ходимларини дўппослаётгани ёхуд кимлар орқалидир калтаклатаётгани акс этган видеолар тарқалди. Тармоқларда сиздирилган видеолардан бирида у ходимини ерга ётқизиб ураётгани, тепкилаётганини, иккинчи бир видеода эса кўчада ўзи ва бошқа икки одам билан яна бир йигитни уришга ҳаракат қилганини кўриш мумкин. Ҳар бир видео давомида Омадтилло Холматов ходимларини ҳақоратлаб, уларни уриштиришга ва ўзи ҳам уришга интилган. Раҳбар бу жараёнларни видеога ҳам олган. Ходимларини эса калтаклаган. Савдо маркази бошлиғи, шунингдек, уларни бошқа шундай ҳолат кузатилса, аяб ўтирмаслиги билан қўрқитган. Бундан ташқари, Inbazar раҳбари Холматов уларни итларга ғажитишини ҳам таъкидлаган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса Inbazar ва унинг маҳсулотларига бойкот эълон қилди. Бу эса ҳануз давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Inbazar раҳбарига нисбатан терговга қадар текширув бошлангани хабар қилинганди. Ходимни калтаклаган савдо маркази вакилига 7 сутка, “самосуд”ни тасвирга олган яна бир ходимга эса 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
LiveБарчаси