Имтиҳонсиз “права” олиб беришни ваъда қилганлар ушланди
3-саҳифа
−
25 Июнь
5136Навоий, Фарғона ва Самарқандда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни ваъда қилганлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Унга кўра, Навоий вилоятида автомактаб раҳбари З.М. фуқаро Ш.Ж.нинг ишончига кириб, гўёки ЙҲХБда ишловчи танишлари ёрдамида Ш.Ж. ва унинг турмуш ўртоғига ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб беришни ваъда қилган ҳамда бунинг эвазига 1000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шундай ҳолат Самарқандда ҳам кузатилган. Вилоятнинг Самарқанд туманида У.Т. ва Ш.А. исмли шахслар фуқаро М.А.га танишлари ёрдамида 1000 АҚШ доллари эвазига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришни айтиб, шундан 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Бундан ташқари, Фарғона вилоятида фуқаро М.М. фуқаро А.Қ.га 1300 АҚШ доллари эвазига ўқув курсларига қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришини ваъда қилиб, олдиндан 1000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда сохта “права”ларни пуллаб келган жиноий гуруҳ қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси