Тошкентда сохта “права”ларни пуллаб келган жиноий гуруҳ қўлга тушди (видео)
3-саҳифа
−
11 Май
7173Тошкент шаҳрида сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фош қилинди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ хабар берди.
Маълум бўлишича, 2022 йил ўрталарида Тошкент шаҳрида вақтинча рўйхатда туриб, IT компанияларидан бирида фаолият юритаётган 2 нафар бухоролик йигит сохта ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиш режаcини тузган. Улар ижтимоий тармоқлардаги канал ва гуруҳларда муайян нарх эвазига ҳайдовчилик гувоҳномаси сотилиши ҳақида эълонлар тарқатган.
Фирибгарлар ҳар битта категория бўйича турли нархлар белгилаган. Масалан, A,B,C категория учун 3,5 млн сўм, D, E учун 4 млн сўм, ҳам D, ҳам E учун эса 5,5 млн сўм тўланиши керак бўлган.
Улар фуқароларга ўзларини ИИО ходимлари сифатида таништирган. Қилмишлари ошкор бўлиб қолмаслиги учун бегона шахсдан банк пластик картасини сотиб олган. Ўқимасдан осонгина ҳайдовчилик гувоҳномасини олишни мақсад қилганлар эса ушбу карталарга тўловни амалга оширган.
Йигитлар чув тушган фуқароларни ишонтириш мақсадида фотошоп орқали ясалган сохта гувоҳномалар расмини юборган. Шунингдек, улар ижтимоий тармоқларда қонуний йўл билан “права” олган шахсларнинг "мана гувоҳномани олдим" мазмунидаги видеоларни тарқатган. Бундан ташқари, улар Россияда яшовчи фуқаро билан интернет орқали боғланиб, ундан пул эвазига муайян шахсга тегишли фуқаронинг ҳайдовчилик гувоҳномаси ускунадан чиқиш жараёни акс этган видео олган ва бу видеоларни ҳам реклама тариқасида тарқатган.
Айтилишича, фирибгарликда гумонланаётганлар ўз мижозлари билан ҳеч қачон учрашмаган. Улар онлайн мулоқот чоғида ҳам юзларини кўрсатмаган.
Фирибгарларга ишониб, пули ҳавога учган фуқароларнинг бирортаси бу ҳақда шикоят қилмаган. Ижтимоий тармоқларда шу каби эълонларни кўриб қолган ИИО ходимлари томонидан уюшган жиноий гуруҳни фош этиш чора-тадбирлари кўрилиб, дастлаб Тошкент вилояти Ангрен шаҳри Карвон маҳалласида яшовчи шахс қўлга олинган ва гумонланувчидан ноутбук, уяли алоқа воситалари, банк картаси ва 10 млн 800 минг сўм ҳужжатлаштирилиб олинган.
Тезкор суриштирувлар натижасида, жиноий гуруҳнинг барча аъзоси ушланган. Қўлга олинганлар орасида жиноий гуруҳ фаолиятини бошқарган икки нафар бухоролик йигит, қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномасининг фотосуратларини ясаган дастурчи ва ижтимоий тармоқда гуруҳларни ташкил қилган 6 нафар шахс ҳам бор.
LiveБарчаси