Имомўғлига 20 йилгача қамоқ жазоси сўралди
Олам
−
14:29 2444 2 дақиқа
Туркияда Истанбул шаҳрининг собиқ мэри Экрем Имомўғлига нисбатан “сиёсий ёки ҳарбий жосуслик” айблови суд томонидан қабул қилинди. Мазкур айблов билан унга 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси сўралди. Бу ҳақда GZT нашри хабaр берди.
Хабарга кўра, ушбу иш бўйча айблов жорий йилнинг 4 февраль куни тайёрланган ва судга юборилган. Биринчи суд мажлиси эса жорий йил 11 май куни Силиври шаҳрида бўлиб ўтади.
Нима учун янги айблов очилди?
Прокуратура “Истанбул сеники” (“Istanbul Senin”) иловасидан фойдаланган миллионлаб одамларнинг маълумотлари хорижий давлатларга ўтказилган ва Dark-wеб орқали сотилганини иддао қилмоқда. Шунингдек, прокуратура Экрем Имомўғлининг Исроил ва Курдистон ишчи партияси (Туркияда террористик ташкилот) билан алоқаси борлиги даъво қилинган Ҳусайин Гун билан алоқаси борлигини ҳам билдирган.
Айбловга Экрем Имомўғли билан бирга Ҳусайин Гун, Нажоти Ўзқон ва Мардон Янардағ ҳам шубҳали сифатида киритилган. Тўрт шахсга “сиёсий ёки ҳарбий жосуслик” айби билан 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси сўралган.
Ҳибс давом этади
Суд ҳайъати жиноятга оид кучли гумонларни тасдиқловчи аниқ далиллар мавжудлигини қайд этган. Шунингдек, суриштирув ишлари ва далил йиғиш жараёнининг ҳали якунланмаганини ва шахсларнинг ҳимоя баёнотлари олинмаганлиги сабабли Имомўғли ва бошқа уч нафар шахснинг ҳибс ҳолати давом эттирилишини маълум қилган. Суд қарорида иш ҳажми ва айбловнинг хусусияти ҳисобга олиниб, ҳозирги эҳтиёт чорасини сақлаб қолиш зарур эканлиги таъкидланган.
Хабарга кўра, дастлабки суд мажлиси жорий йил 11 май куни соат 10:00 да Силиври шаҳридаги Мармара Жазони ижро этиш муассасасидаги суд залида бўлиб ўтади. Суд жараёнининг хавфсиз ўтиши учун Бакиркўй Республика Бош прокуратураси ва Силиври туман жандарма қўмитасига расмий хатлар жўнатилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Истанбул Бош прокуратураси шаҳарнинг собиқ мэри Экрем Имомўғлига қарши айблов хулосасини эълон қилганди ва сиёсатчига коррупция айбловлари бўйича 2352 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини сўраганди.
Эъзоза Олимова
Live
Барчаси