Илк бор 5 та партия барча депутатлик ўринларига 100 фоиз номзодлар кўрсатди
Жамият
−
20 Сентябрь
35752024 йилги парламент сайловлари Ўзбекистонда янги тартиб ва шаклда ўтказилмоқда. Марказий сайлов комиссияси 20 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисда Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олишни якунлади.
Бу йилги сайловлар аралаш тизимда, яъни мажоритар ва пропорционал тизим асосида ўтказилади. Унга кўра, Қонунчилик палатаси 150 нафар депутатининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича сайловчиларнинг бевосита аниқ бир номзодларга берган овозларига мувофиқ сайланади. Қолган, 75 нафари эса, ягона сайлов округи бўйича сиёсий партияларга берилган овозларга мутаносиб равишда партия рўйхати асосида сайланади.
Сайловолди жараёни ҳам янгиланган шаклда ўтмоқда. Жумладан, “E-saylov” интерактив портали ишга туширилди, бу тизим орқали партиялар номзодларининг қонунчилик талабларига мувофиқ тез ва самарали рўйхатга олиниши таъминланди.
Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатасига кўрсатилган барча номзодлар рўйхатга олиниб, 22 сентябрдан бошлаб расман ташвиқот кампанияси бошланиши эълон қилинди.
Мажлисда қайд этилганидек, бу йилги сайловларда 875 нафар номзод Қонунчилик палатаси учун курашади. Улардан 44,2 фоизи 45 ёшгача бўлганлар бўлса, номзодлар орасида энг ёши 25 ёшдаги номзоддир. Бу, сайловларнинг ёшларга ҳам кенг йўл очаётганидан далолат беради. Ушбу кўрсаткичлар ёшлар ва тажрибали сиёсатчилар ўртасида мувозанатни сақланишидан далолат беради.
Миллий сайлов тажрибамизда илк маротаба бешта сиёсий партия томонидан барча даражадаги депутатлик ўринларига 100 фоиз номзодлар кўрсатилди.
Марказий сайлов комиссияси сайлов жараёнларини шаффоф ва очиқ ўтказиш мақсадида ташвиқот даври учун махсус эфир вақтлари ва нашр майдонларини ажратди. Бу партиялар ва номзодлар ўртасида тенг шароит яратиб, сайловчиларга номзодлар ва уларнинг дастурлари ҳақида тўлиқ маълумот олиш имконини беради.
LiveБарчаси