Илгари тарқоқ бўлган Марказий Осиё умумий мақсадлар йўлида бирлашмоқда – Шавкат Мирзиёев
Жамият
−
31 июл 1650 2 дақиқа
Илгари тарқоқ бўлган Марказий Осиё бугунги кунда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида тараққиётнинг умумий мақсадлари йўлида бирлашмоқда. Бу ҳақда бугун, 31 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашувида сўз очди.
“Бугун биз давлатларимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрамларини нишонлаш арафасида йиғилиб турибмиз. Шу йиллар мобайнида ҳар бир мамлакат давлатчиликнинг шаклланиши, иқтисодий ўсиш ва миллий тикланишнинг ўзига хос ва бетакрор йўлини босиб ўтди.
Илгари тарқоқ бўлган Марказий Осиё бугунги кунда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида тараққиётнинг умумий мақсадлари йўлида бирлашмоқда”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон етакчисининг айтишича, шу билан бирга, мураккаб ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган бугунги халқаро воқелик янада қатъият билан ҳаракат қилишни ва янада яқин мувофиқлаштирувни талаб этмоқда.
Озарбайжоннинг Маслаҳат учрашувлари форматига қўшилиши ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги – макроминтақавий даражага олиб чиқмоқда.
“Биз учун Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва яқин қўшнимиз – Афғонистонни бирлаштирувчи ягона тараққиёт маконини шакллантириш борасида тарихий имконият очилмоқда. Ушбу вазиятдан тўлиқ фойдаланиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан Евроосиёнинг қоқ юрагида барқарор ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ва яхши қўшничилик учун мустаҳкам пойдевор яратишимиз зарур”, дейди Ўзбекистон Президенти.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Чўлпонотада бўлиб ўтаётган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашуви мажлисида Марказий Осиё мамлакатлари хавфсизликнинг янги таҳдидларига биргаликда қарши туриши ва минтақанинг энергетик мустақиллигини мустаҳкамлаши зарур эканини айтган эди. Шунингдек, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Марказий Осиё ўз тарихидаги энг муваффақиятли даврни бошдан кечираётганини билдирди. Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов эса жорий йилнинг 8 октябрь куни Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик ҳудудида Марказий Осиё етакчилари ва Озарбайжон раҳбарининг маслаҳат учрашувини ўтказилишини эълон қилди.
Live
Барчаси