Илҳом Алиев хавотирда. У бор гапни Греция элчисининг юзига солди

Олам

image

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Грециянинг Озарбайжондаги Фавулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинланган Николаос Пиперигкос билан мулоқотда расмий дипломатияни четга суриб, очиқчасига бор муаммоларни унинг юзига солди. 

“Жаноб элчи, мен сиз билан очиқчасига гаплашаман. Албатта, дипломатлар ўзларининг мулоқот усулларига эга. Мен дипломатлар тайёрлайдиган институтда ўқиганман. Шунинг учун, мен дипломатик тил нима эканлигини жуда яхши биламан. Бироқ, қаердалигимизни, нимани хоҳлаётганимизни ва қандай қилиб олдинга силжишимиз тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиш учун бир-биримизнинг позициямизни билсак яхши бўлади, деб ўйлайман”, дея гап бошлаган Илҳом Алиев. 

Озарбайжон раҳбари бор дардини тўкиб-соларкан, Грециядан келган элчига учта масала бўйича эътирозини кўндаланг қўяди. Биринчиси, Озарбайжоннинг SOCAR энергетика компанияси Грециянинг DESFA газ компаниясини сотиб олиши ортидан чиққан келишмовчилик бўлса, иккинчиси озар-арман можрасида Греция Арманистон билан ҳарбий ҳамкорлик қилаётгани. Учинчи масала эса Туркия билан Греция ўртасида Шарқий Ўрта ер денгизи устида юзага келган жанжал. Илҳом Алиев булар ҳақида ўзининг кескин муносабатини билдираркан, Грециядан Арманистонга қурол-яроғ ташилаётганини урғулади. 

“Буни сиз бошқа манбалардан эмас, балки мендан эшитинг. Арманистон, Греция ва Кипр ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик бизни ташвишлантирмоқда”, дейди Алиев.  

Жорий йилнинг 12 июль куни икки давлат чегарасидаги вазият кескинлашди. Озарбайжонда Арманистон Қуролли кучлари ҳужумга ўтгани айтилди. Расмий Ереван ҳам озарбайжонлик аскарлар ҳужумга ўтганини сабаб қилиб кўрсатди. Расмий Баку 12 нафар ҳарбий жумладан генерал-майор Пўлат Гашимов ҳам ҳалок бўлганини билдирди. Ереван эса 4 қурбон ва 10 жароҳатланган аскар ҳақида маълумот берди.

Илҳом Алиев бўлиб ўтган воқеалар ҳақида гапираркан, бунда яна Арманистон тарафини айблаб, буни “террористик ҳаракатни амалга оширишга қаратилган сўнгги уриниш”, дея баҳолайди. 

“Арманистонлик офицер чегара чизиғини кесиб ўтмоқчи бўлган пайтда ҳибсга олинган. У аллақачон ўз гуруҳи бизнинг ҳарбий хизматчиларимиз ва тинч аҳолига ҳужум қилиш мақсадини кўзлаганини тан олган. Бир сўз билан айтганда, Арманистон Озарбайжоннинг душмани ва бу уларнинг қарори бўлган”, дейди Алиев.

Давлат раҳбари ҳар қайси давлатнинг Арманистон билан ҳарбий ҳамкорлик қилиши Озарбайжонни хавотирга солишини айтди. 

“Албатта, Арманистоннинг ҳар қандай давлат билан яқин ҳарбий ҳамкорлиги хавотирга сабаб бўлади. Россиядан Арманистонга қурол-яроғни интенсив равишда етказиб беришга бўлган муносабатимиз ҳақида билишингиз керак. 16 июль куни фаол тўқнашувлар тўхтаб қолди ва 17 июлдан Россиядан Арманистонга Каспий давлатларининг ҳаво ҳудуди орқали кўплаб юк рейслари амалга оширилди. Мен буни сизга шунчаки айтаётганим йўқ. Биз бу масалани россиялик шерикларимиз билан ҳам ўртага ташладик: Арманистон билан ҳарбий ҳамкорлик бизни ташвишга солмоқда, чунки бу Озарбайжон учун катта хавф туғдиради. Бу қуроллардан фойдаланиб улар бизнинг ҳарбий хизматчиларимизни, тинч аҳолини ўлдиришади”, дейди Алиев.  

Президент Греция элчисига юзланаркан, ҳамкорликнинг ушбу уч томонлама формати расмий Бакуни ташвишга солаётганини яна бир бор таъкидлади. 

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон раҳбари жорий йилнинг 13 август куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, Россиядан Арманистонга қурол-яроғ етказиб берилаётгандан хавотирдалигини билдирган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

246

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг