Илҳом Алиев ҳам Бишкекда орден билан тақдирланди (видео)
Олам
−
05 Ноябрь
3317Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев таниқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов номидаги орден билан тақдирланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бишкекда Илҳом Алиев таниқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов уй-музейига ташриф буюрган ва ёзувчи номидаги орден билан тақдирланган. Бу орденни Озарбайжон етакчисига қирғиз ёзувчисининг ўғли – рассом Элдар Айтматов топширган. Элдар Айтматовга кўра, Президентга орденни топшириш унинг учун катта шараф бўлган.
Музей Бишкек яқинидаги “Ала-Арча” давлат қароргоҳида жойлашган бўлиб, ёзувчи умрининг сўнгги 20 йилини шу ерда ўтказган. Ҳозирда бу ерда унинг турмуш ўртоғи Мария Айтматова ва ўғли Элдар яшамоқда.
“Замонавий дунёда ва умумий маданий меросимизни сақлашдаги ролингиз учун чуқур ҳурмат ва фахр билан сизга “Чингиз Айтматов” орденини топшираман”, деди Элдар Айтматов.
Шунингдек, Илҳом Алиев уй-музейнинг хотира китобига ёзув қолдирган.
Қайд этиш жоиз, “Чингиз Айтматов” ордени адабиёт, кинематография ва бошқа санъат соҳаларида, шунингдек, уларни халқаро миқёсда ривожлантириш ва тарғиб қилишда катта ютуқларга эришган Қирғизистон фуқароларига топширилади. Махсус хизматлар учун бу орден хорижий фуқароларга ҳам берилиши мумкин.
Маълумот учун, Илҳом Алиев эртага, 6 ноябрь куни республика пойтахти Бишкекда бошланадиган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо давлатлар етакчиларининг XI саммитида иштирок этади. ТДТ саммитида ташкилотга аъзо бешта давлат – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон етакчилари, шунингдек, кузатувчи давлатлар – Венгрия ва Туркманистон раҳбарлари ҳам қатнашади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга мамлакатнинг биринчи даражали мукофоти “Манас” орденини топширган эди. Орден Бишкекдаги Президент администрациясининг янги биносида раҳбарлар йиғилиши пайтида тантанали равишда топширилган.
LiveБарчаси