Икки ҳудудда жами 11 нафар бемор коронавирусдан соғайди
Жамият
−
20 Май 2020
5448Қорақалпоғистон Республикаси ва Наманган вилоятида 11 нафар бемор коронавирусдан буткул соғайди. Бу ҳақда бугун, 20 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
“Қорақалпоғистон Республикасида 6 нафар ва Наманган вилоятида 5 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор тузалди ва реабилитацияга кузатилди“, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, соғайиб чиққанларнинг барчаси эркак бўлиб, Россиядан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Соғайганларнинг 3 нафари Бухоро вилоятидан, 2 нафари Хоразм вилоятидан, 1 нафари эса Навоий вилоятидан. Улар орасида энг ёши каттаси 48 ёшда бўлса, энг кичиги 21 ёш. Қорақалпоғистон Республикасида шу пайтга қадар 112 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 118 нафарга етди.
Шунингдек, Наманганда соғайганларнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот қилиб, касалликни юқтириб олишган. Уларнинг 1 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Соғайганларнинг барчаси Наманган вилоятидан (4 нафари Наманган туманидан, 1 нафари эса Наманган шаҳридан). Улар орасида энг ёши каттаси 66 ёшда бўлса, энг кичиги 14 ёш. Вилоятда шу пайтга қадар 214 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 219 нафарга етди.
Айни пайтда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 2349 нафарни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозиргача 2880 кишида коронавирус аниқланди. Бугунгача беморларнинг 13 нафари вафот этган.
LiveБарчаси