Икки вилоятда ўқишга киритишни ваъда қилганлар ушланди
Олам
−
22 Август 5398 2 дақиқа
Тошкент ва Бухоро вилоятида олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, фуқаролардан пул ундирган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Оҳангарон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда нодавлат олий таълим муассасаси бўлим бошлиғи Б.А. 4 фуқарони ушбу олийгоҳга 3-курсдан ўқишга киритиб қўйишга ваъда берган. Бу иш учун у ҳар бир фуқарога 1000 доллардан бериши кераклигини айтиб, жами 4 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Бухоро шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.И. фуқаро Н.Ш.нинг ишончига кириб, қўшни Қирғизистондаги олий таълим муассасасида ўқигани тўғрисида ҳужжат расмийлаштириб, гўёки таълим муассасалари қабул комиссиясида ишловчи танишлари орқали Бухоро инновацион тиббиёт институтига 3-курсдан ўқишга киритиб қўйиши эвазига 3 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Пискент туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар – Ж.Э. ва Б.А. фуқаро К.Х.нинг ишончига кириб, уни гўёки Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ишловчи танишлари ёрдамида мазкур университетга ўқишга киритиб қўйишга ваъда берган. Бу иш эвазига у 2 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро ва Фарғона вилоятида пул эвазига олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар ушланганди.
Live
Барчаси