Икки ҳудудда оғуфурушлар қўлга олинди
3-саҳифа
−
10:22 1155 1 дақиқа
Фарғона ва Наманган вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирларда жами 1 килограммдан ортиқ гашиш моддаси, 782 дона “Тропикамид” ҳамда гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ бошқа ашёлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида тезкор тадбирлар ўтказган.
Аниқланган биринчи ҳолатда, муқаддам судланган 44 ёшли фуқаронинг яшаш хонадонлари холислар иштирокида кўздан кечирилган. Унинг ертўласидан 782 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси топилган.
Яна бир ҳолатда эса 1975 йилда туғилган шахснинг уйидан 758 грамм гашиш, гиёҳвандлик воситалари қолдиқлари бўлган 6 дона пичоқ ҳамда 4 дона электрон тарози аниқланган.
Шунингдек, ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда “Фарғона – Наманган” йўналишида ҳаракатланган Lacetti автомобилини Наманган тумани ҳудудида тўхтатган.Текширув давомида автомобиль салонидан 465 грамм гашиш моддаси аниқланган. Мазкур автомобилни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган шахс бошқарган.
Маълум қилинишича, аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида интернет орқали фаолият юритган наркодўконда қарийб 10 килограмм гиёҳвандлик воситалари аниқланиб, мусодара қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси