Самарқандда қўшни давлатдан 55 кг наркотик олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланди
Crime
−
10:05 530 2 minutes
Самарқанд вилоятида қўшни республикадан контрабанда йўли билан 55 килограммдан ортиқ “гашиш” ва “опий” олиб ўтмоқчи бўлган трансмиллий жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида икки нафар наркокурер Самарқанд вилоятининг Тойлоқ тумани ҳудудидаги дала майдонида ушланган. Улар Lacetti русумли автомашинада келиб, белгиланган геолокацияда яшириб кетилган 41,2 килограмм “опий” ва 14,55 килограмм “гашиш”ни олаётган бўлган.
Тезкор суриштирув давомида аниқланишича, ушбу шахслар бир йилдан буён гиёҳвандлик воситаларини Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб тарқатиш билан шуғулланиб келган. Улар наркотик моддаларни қўшни республикада яшовчи раҳнамоларининг топшириғига асосан, кўрсатилган шахсларга тақсимлаб, ҳудудларга тарқатиши керак бўлган.
Натижада жами 235 минг дозага тенг жами 55,75 килограмм “опий” ва “гашиш”нинг аҳоли орасида тарқалишига чек қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан қўлга олинган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш ) 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда синтетик гиёҳвандлик воситалари ва бошқа наркотик моддаларни ноқонуний тарқатиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинганди.
Live
All