Икки ҳудудда 50 нафарга яқин бемор коронавирусдан соғайди
Жамият
−
02 Июнь 2020
5560Навоий вилояти ва Тошкент шаҳрида жами 49 нафар бемор коронавирусдан буткул соғайди. Бу ҳақда бугун, 2 июнь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
"Навоий вилоятида 42 нафар, Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 5 нафар, Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 2 нафар, жами 49 нафар бемор соғайди ва реабилитацияга кузатилди", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Навоийда тузалганларнинг барчаси ушбу вилоятдан (35 нафари Зарафшон шаҳридан, 4 нафари Хатирчи туманидан, 2 нафари Конимех туманидан, 1 нафари эса Учқудуқ туманидан) бўлиб, 26 нафари эркак, 16 нафари аёл. Уларнинг ёши каттаси 64 ёшда, ёши кичиги 2019 йил туғилган чақалоқ. Эндиликда мазкур вилоятда соғайганлар 54 нафарга етди.
Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 2 нафари эркак, 3 нафари аёл бўлиб, ёши каттаси 54 ёшда, ёши кичиги 31 ёшда. Уларнинг 3 нафари Тошкент вилоятидан, 2 нафари Тошкент шаҳридан.
Шунингдек, Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 1 нафари (63 ёшли эркак) пойтахтимиздан, яна 1 нафари (33 ёшли эркак) Қозоғистон Республикасидан.
Маълумот учун, Тошкент шаҳрида соғайганлар 1127 нафарга етди. Айни пайтга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами соғайганлар сони 2908 нафарга етди.
LiveБарчаси