ИИВ воизи Мубашшир Аҳмад қидирувга берилгани фонида фуқароларни огоҳлантирди
Жамият
−
21 Февраль
23004Аввалроқ, диний олим ва блогер – “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Аҳмадович Турсунов)га нисбатан қидирув эълон қилингани ҳақида хабар берилганди. Бу хабар ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов қидирувдаги шахс ҳақида турли ахборотни оммавий тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
“Маълум қиламизки, ҳақиқатдан ҳам 1974 йилда туғилган фуқаро Турсунов Алишер Аҳмадовичга нисбатан Шайхонтоҳур тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2443-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда тергов доирасида айбланувчи сифатида жалб қилиниб, мазкур фуқарога нисбатан расмий қидирув эълон қилинган”, дейди Ғиёсов.
Ғиёсов “ҳозирда ушбу шахсни тергов органларидан яширинганлигини инобатга олган ҳолда”, фуқаролардан Мубашшир Аҳмад ҳақида маълумотга эга бўлган тақдирда энг яқин ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига хабар беришларини сўраган.
“Эслатиб ўтамиз, жиноят иши доирасида расмий қидирувда бўлган шахс ҳақида тасдиқланмаган ҳамда терговни ҳар томонлама, тўла ва холисона юритишга таъсир қилиши мумкин бўлган ахборотни оммавий тарқатиш тергов қилишга аралашиш сифатида баҳоланиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 236-моддасига (Тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) асосан жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин”, дейди ИИВ воизи.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Шахсга қидирув эълон қилинганлиги ҳақидаги ахборот Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар бош марказига киритиш жараёнида Жиноят кодексининг 2442-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) сифатида ёзилган бўлиб, техник хатога йўл қўйилганлиги аниқланганди. Аслида эса унга нисбатан Жиноят кодексининг 2443-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси