ИИВ Нукусда йигит мажбурлаб хизмат машинасига чиқарилаётгани акс этган видеога изоҳ берди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Нукус шаҳрида Ички ишлар Миллий гвардия ходими ниқоб тақмаган фуқарони мажбурлаб машинага чиқараётгани акс этган видео тарқалди. Видеода фуқаро атрофдаги одамларнинг ёрдами билан орган ходимларидан қочиб кетгани кўринади. Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати ҳолат бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, видеода акс этган ҳолат жорий йилнинг 14 июнь куни Нукус шаҳрида содир бўлган. 

Турли ташкилотлар ходимлари, жумладан, профилактика инспектори катта лейтенант Р.Бекимбетов аҳолининг карантин қоидаларига риоя қилаётганини текшириб юриб, соат 11:30 ларда Нукус шаҳри “Х.Абдамбетов” кўчаси бўйидаги “Эски шаҳар” маҳалласи ҳудудидаги автотураргоҳ атрофида текширув ишлари олиб бораётган вақтларида, шу ерда тўхтаб турган, Matiz русумли такси автомашинаси ҳайдовчиси, Нукус шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган фуқаро У.М.ни кўрган. Фуқаро тиббий ниқобини тақмаган ва такси ҳайдовчилари учун белгиланган махсус комбинезон киймаган ҳолда карантин қоидаларига амал қилмай фаолият олиб бораётганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Санитария эпидемиологик назорати давлат инспекцияси ходими суриштирув олиб бормоқчи бўлганда, У.М. ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга фаол қаршилик кўрсатиб ўзининг ҳаракатлари билан шу ерда бўлган бошқа шахсларнинг эътиборини жалб қилган. Айнан шу ҳолат видеотасвирда акс эттирилган.

Охир-оқибат вазият барқарорлаштирилиб, қоидабузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан баённома расмийлаштирилган.

Ҳозирда, Нукус шаҳар ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи таянч пункти профилактика инспектори катта лейтенант Р.Бекимбетовнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан хизмат текшируви тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ Нукус карантин

Баҳолаганлар

610

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг