II чоракда аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари қандай бўлди?

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2019 йил II чоракдаги аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари эълон қилди. 

Иқтисодиётдаги инфляцион кутилмаларни аниқлаш бўйича ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, жорий йилнинг II чорагида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қисқа муддатли инфляцион кутилмалари апрелдаги пасайишидан сўнг ошиш трендини ҳосил қилган. Ўрта муддатли кутилмалари эса сезиларли ўзгаришларсиз аввалги даражасида сақланиб қолган. 

Хусусан, респондентларнинг январь-апрелдаги кутилмалари пасайишига қарамасдан, май-июнь давомида қисқа муддатли кутилмаларида хавотирлик кузатилган. Ўрта муддатли истиқболда эса респондентларининг аксарияти инфляцияни аввалги даражада сақланиб қолишини тахмин қилишмоқда.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан миллий валюта алмашув курсининг қадрсизланиши, иш ҳақларининг ошиши тҳамда 2019 йилнинг иккинчи ярим йиллигида коммунал хизматлар нархларининг оширилиши мумкинлиги иқтисодиётдаги нархлар ўсишига таъсир қилувчи асосий омиллар сифатида қайд этилган. Шунингдек, респондентлар жавобларида ўрта муддатли инфляцион кутилмаларга солиқ базасининг кенгайтирилиши таъсири сақланиб қолиши кўрсатилган.

“Таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида, миллий валютанинг қадрсизланиши 2,7 фоизга тенг бўлганлигига қарамасдан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари кутилмаларининг ушбу омилга таъсирчанлиги юқорилигича сақланиб қолмоқда”, дейилади хабарда.

Жорий йилнинг II чораги мобайнида аҳоли томонидан келгуси 12 ойга кутилаётган инфляциянинг миқдорий кўрсаткичлари ўсувчи тенденцияга эга бўлган бўлса, тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари пасаювчи тенденцияни ҳосил қилди. Бу эса ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётдаги нархлар барқарорлигига бўлган ишонч бизнес вакилларида юқорироқлигини кўрсатмоқда. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк инфляция инфляцион кутилма

Баҳолаганлар

2

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг