Ички ишлар вазирига янги ўринбосар тайинланди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори билан полковник Темур Камолиддинович Исмоилов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда бугун, 21 август куни Ички ишлар вазирлигида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли осойишталигини мустаҳкамлаш борасида ўтказилган йиғилишда хабар қилинди

Қайд этилишича, Темур Исмоилов янги лавозимда иш бошлаши муносабати билан Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимидан озод этилган. 

Ушбу лавозимда у жорий йил январь ойидан буён ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Рустам Жўраевнинг ўрнини эгаллади. 

Маълум қилинишича, лавозимга янги тайинланган раҳбарга жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизимини янада такомиллаштириш вазифалари юклатилган.

Шунингдек, тизимни рақамлаштириш бўйича вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш, ички ишлар органларининг бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, жамоат тартибини сақлашнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончини янада оширишга қаратилган чораларни самарали ташкил этиш талаби қўйилган.

Маълумот учун, Темур Исмоилов 1983 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида туғилган. У Ички ишлар органларидаги хизмат йиллари давомида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Жумладан, Исмоилов ИИВнинг Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармасига раҳбарлик ҳам қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рустам Жўраев Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланган ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони лавозимидан озод этилган эди.

Шундан сўнг, Жўраев жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига тайинланди ва унга генерал-лейтенант махсус унвони берилди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг