Ичимлик суви қувурлари орқали вабо тарқаладими? Масъул жавоб берди

Жамият

image

Шу кунларда аҳоли орасига ичимлик суви қувурлари ва жўмраклар орқали вабо касаллиги тарқалиши мумкинлиги тўғрисида миш-мишлар оралади. Бугун, 21 июль куни “Ўзсувтаъминот” АЖ матбуот котиби Акмал Муродов мазкур миш-мишлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қилди.

“Ушбу миш-мишлар мутлақо асоссиз. Фуқароларимиздан бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликларини ва жўмраклардан сув ичмаслик тўғрисидаги чақириқларга қулоқ солмасликларини сўраб қоламиз”, дейди Акмал Муродов.

Қайд этилишича, марказлашган сув таъминотидаги сув сифати сув манбасининг юқори оқимидан то истеъмолчи уйидаги жўмрагигача бўлган ҳаракати давомида кеча-ю кундуз назорат қилинади. Ушбу назорат сувнинг мақбул органалептик, кимёвий ва микробиологик хусусиятларини баҳолашга имкон берадиган турли тадбирлар мажмуасини ўз ичига олади

Ичимлик суви сифати республикадаги 79 та лаборатория томонидан кун-у тун ҳар томонлама назорат қилиниб, сув тармоқлари ёки жўмраклар орқали бирон-бир касаллик тарқалишига йўл қўйилмайди.

“Лабораторияларимизда ҳар ойда турли таҳлиллар учун ўртача 17 200 та намуна олинади. Ичимлик сувини аҳолига етказиб беришдан олдин сув суюқ хлор, натрий гипохлорит, калсий гипохлорит каби хлорли реагентлар билан зарарсизлантирилади”, дея таъкидлади Акмал Муродов.


Мақола муаллифи

Теглар

ичимлик суви

Баҳолаганлар

660

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг