HRW АҚШ ҳаракатидан хавотирда

Олам

image

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти АҚШ ҳукуматини Украина Қуролли кучларига кассетали ўқ-дориларни топширишдан огоҳлантирди. Бу ҳақда бугун, 6 июль куни ташкилот сайтида хабар қилинди.

"АҚШ ҳукумати кассетали ўқ-дориларни Украинага ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш арафасида, бунинг учун Президент Жо Байденнинг розилиги талаб қилинади. Ушбу қуролларнинг узатилиши муқаррар равишда тинч аҳолининг узоқ давом этадиган азоб-уқубатларига олиб келади", дейилади ташкилот баёнотида.

Маълумотларга кўра, Қўшма Штатлар шу ҳафтада Киевга кассетали ўқ-дорилар етказиб бериш бўйича қарор қабул қилиши мумкин. Шу йилнинг 22 июндаёқ Пентагон раҳбарининг Россия, Украина ва Евросиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Лаура Купер кассетали ўқ-дорилар жанг майдонидаги вазиятга таъсир қилиши ва Украина Қуролли Кучлари учун жангда фойдали бўлишини айтган. 

Маълумот учун, кассетали ўқ-дорилар турли мақсадлар учун (танкга, пиёдаларга ва бошқаларга қарши) кўп миқдорда портловчи ўқ-дорилар билан юкланган зарядлар бўлиб, улар бомбалар, артиллерия снарядлари ва ракета каллаклари кўринишида кўплаб мамлакатлар армияларида ишлатилади. 2010 йил 1 августда кассетали ўқ-дорилар тўғрисидаги конвенция кучга кирган, уни 123 давлат имзолаган, шулардан 110 таси ратификация қилган. Мазкур конвенция билан давлатлар ҳеч қачон, ҳеч қандай шароитда бундай ўқ-дориларни ишлаб чиқармаслик, фойдаланмаслик ва ҳеч кимга бермасликка ваъда берган. Европа қитасидаги давлатлардан Арманистон, Беларусь, Греция, Грузия, Латвия, Озарбайжон, Польша, Россия, Руминия, Сербия, Туркия, Украина, Финляндия ва Эстония конвенцияни имзоламаган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия “Совуқ уруш” давридаги кассетали ўқ-дориларни Украинага  2022 йилнинг ноябрь ойидан етказиб беришни бошлагани айтилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина кассетали ўқ-дори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг