Гутерриш Тожикистон ва Қирғизистон орасидаги чегара муаммосини тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди
Олам
−
02 Июль
3323БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Тожикистон ва Қирғизистон икки давлат ўртасидаги чегарадаги келишмовчиликларни пировардида музокаралар йўли билан ҳал қилишини кутмоқда. Бу ҳақда у Чўлпон-Ота шаҳрида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан учрашувда маълум қилди.
Гутерриш Қирғизистон БМТ ишлаётган барча соҳаларда фаол иш олиб бораётганини таъкидлади.
“Қирғизистон тинчлик рамзи бўлсин. Сиз тинчлик ўрнатиш учун катта саъй-ҳаракатлар қилябсиз. Мен Фарғона водийсида икки марта бўлганман ва чегараларни ҳал қилиш масаласи нақадар мураккаб эканини яхши биламан. У ер жумбоқга ўхшайди. Ҳамма нарсани тушуниш ва ҳал қилиш учун ҳаракат қилиш керак. Тожикистон билан чегара масаласи Ўзбекистон билан бўлгани каби дипломатик, тинч йўл – музокаралар йўли билан ҳал қилинади, деб ҳисоблаймиз”, деган БМТ Бош котиби Қирғизистон Республикаси Президентига.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасининг узунлиги қарийб 980 км. 2002 йил декабрь ойидан буён уни делимитация қилиш бўйича музокаралар (давлат чегарасини унинг ўтиш жойини тавсифлаш ва харитада чизиш билан белгилаш) давом этмоқда. Ҳозирги вақтда чегара чизиғининг 90% дан ортиғи аниқланган ва давлатлар томонидан ўзаро тан олинган, қолган қисмлар баҳсли ҳисобланади. Ушбу муаммонинг ҳал қилинмагани икки республиканинг маҳаллий аҳолиси ва ҳарбий хизматчилари ўртасида, жумладан, ўқотар қуроллардан фойдаланиш билан боғлиқ низоларни бир неча бор келтириб чиқарди. Умуман олганда, 2014 йилдан буён қирғиз-тожик чегарасида 10 дан ортиқ жиддий можаро содир бўлган. Қирғизистон Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош. Чегарани делимитация ва демаркация қилиш жараёнини якунлаш фақат Тожикистон томонида қолади.
Учрашувда Жапаров Гутерришга Сари-Жоз ҳудудидаги тоғ чўққиларидан бирига БМТ номини бериш тўғрисидаги сертификатни топширди.
Эслатиб ўтамиз, 30 июнь куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан расмий ташриф билан Ўзбекистонга келганди. 1 июль куни Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги қуввати 200 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси фаолияти билан танишди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун Ўзбекистоннинг олий давлат мукофотларидан бири - "Олий Даражали Дўстлик" орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Азизбек Эшмаматов