Гутерриш Мирзиёевнинг таклифларини қўллаб-қувватлади

Жамият

image

Кеча, 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида ўтаётган БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумий мунозаралари доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, суҳбат давомида Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлигини янада кенгайтириш истиқболлари, энг аввало, барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий вазифа ва мақсадларни рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилган.

“Биргаликда қарийб 140 та дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 6 та резолюцияси қабул қилинди. Оролбўйи минтақаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун махсус Траст фонди фаолият юритмоқда”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон БМТнинг бир қатор нуфузли тузилмаларига сайланган ва уларнинг ишида фаол иштирок этмоқда. Биргаликда глобал кун тартибига оид, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, туризмни ривожлантириш, камбағалликка ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалалари бўйича йирик халқаро тадбирлар ўтказилмоқда.

Антониу Гутерриш Шавкат Мирзиёевнинг Бош Ассамблея 78-сессиясидаги нутқини юксак баҳолаб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашини, давлат раҳбари долзарб глобал ва минтақавий муаммоларга ечим топиш борасида илгари сурган ташаббус ва таклифлар муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.

“Бош котиб янги “Ўзбекистон – 2030” ислоҳотлар стратегиясига киритилган мақсад ва вазифларнинг кўламдорлигини, улар барқарор ривожланиш мақсадлари билан тўлиқ ҳамоҳанглигини алоҳида қайд этди. БМТ ва унинг барча институтлари ушбу дастурий ҳужжатни амалга оширишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди”, дейилади хабарда.

Музокаралар якунида Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кенг кўламли шерикликни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий мунозаралари бошланган, унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек тилида нутқ сўзлаганди. У ўз чиқишида қатор таклифларни илгари сурди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон БМТ Антониу Гутерриш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг