Бердимуҳамедов “Дўзах дарвозалари”ни ўчиришни буюрди
Олам
−
08 Январь 2022
21196Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов “Дўзах дарвозалари”ни ўчиришни буюрди. Бу ҳақда “Turkmenportal” нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Қорақум чўлидаги 50 йилдан бери ёнаётган жуда катта миқдорда қимматбаҳо газ атроф-муҳитга ва яқин атрофда яшовчи одамларнинг соғлиғига салбий таъсир қиляпти. Ушбу кратерда ёнаётган газдан катта ҳажмда даромад олиш мумкин.
Шу сабаб Бердимуҳамедов ёқилғи-энергетика комплекси масалалари бўйича масъул бўлган Бош вазир ўринбосари Шахим Абдраҳмоновга олимларни, керак бўлса, хорижлик мутахассисларни ҳам ушбу муаммога жалб қилишни буюрди.
Маълумот учун, кратерни ёпиш масаласи илк бор 2010 йилда Туркманистон Президенти томонидан кўтарилган.
“Дўзах дарвозалари” 1971 йилда ер ости газлари тўпланган жойда пайдо бўлган. Кратер ўрнида аввал нефть платформаси бор эди, аммо у ерости бўшлиғига чўкиб кетган.
Кратердан чиқаётган газ одамлар ва чорва молларини заҳарламаслиги учун ҳукумат унга ўт қўйган. Лекин тахминлар ўзини оқламади. Шу сабаб олов 50 йилдан бери ёнишда давом этмоқда.