Туркманистон аҳолисига “Дўзах дарвозаси”га яқинлашиш тақиқланди
Олам
−
25 Ноябрь 2021
29589Туркманистон аҳолисига Қорақум чўлидаги Дарваза газ кратерига яқинлашиш тақиқланди. Сайёҳлар эса фақатгина махсус рухсат билан ташриф буюриши мумкин. Бу ҳақда “Хроника Туркменистана” нашри хабар берди.
Таъкидланишича, илгари Дарвазанинг қўшни қишлоғи аҳолиси тез-тез кратерга меҳмонлар олиб келишган, қишда эса чўпонлар иссиқроқ бўлиши учун бу ерга қўй сурувларини ҳайдаб келишган.
Эндиликда полиция ходимлари у ерда постлар ўрнатиб, фуқароларга “Дўзах дарвозаси”га яқинлашишни тақиқлади. Улар бундай чекловни газ чиқиндилари инсон ҳаётига хавфли экани билан изоҳладилар.
Шу билан бирга, тақиқ сайёҳларга тааллуқли эмас. Улар ҳали ҳам диққатга сазовор жойларга ташриф буюришлари мумкин, лекин фақат гуруҳ бўлиб ва “Туркменсаёҳат” давлат туризм корпорациясининг махсус рухсати билан.
Маълумот ўрнида, Дарваза кратери 1971 йилда ер ости газлари тўпланган жойда пайдо бўлган. Кратер ўрнида олдин нефть платформаси бор эди, лекин у ер ости бўшлиғига чўкиб кетган. Кратердан чиқаётган газ одамлар ва чорва молларини заҳарлаётганини олдини олиш учун ҳукумат унга ўт қўйишга қарор қилган. Кратердаги ёнғин бир неча кундан кейин ўчади деб тахмин қилинган, аммо олов 50 йилдан бери ёнишда давом этмоқда.