Гулнора Каримовадан мусодара қилинган пуллар нимага сарфланмоқда?
Жамият
−
24 Апрель 10988 3 дақиқа
Швейцария ҳудудида мусодара қилинган Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг ноқонуний активлари соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига йўналтирилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Швейцария ҳудудида мусодара қилинган ноқонуний активлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига йўналтирилмоқда. Бу ҳақда 2022 йил 16 августда Ўзбекистон билан Швейцария ўртасида реституция битими имзоланган. Мазкур битим доирасида Ўзбекистон Республикаси, Швейцария ва БМТ ҳамкорлигида БМТнинг кўп томонлама траст жамғармаси ҳузурида “Ишонч” жамғармаси ташкил этилган. Унинг маблағларини йўналтириш учун Стратегик қўмита ва Фуқаролик жамияти маслаҳат кенгаши тузилган.
Битим доирасида биринчи транш учун 131 миллион доллар маблағни қайтариш бўйича келишувга эришилган. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида республикадаги 230 та перинатал марказ учун 23 турдаги 5 минг 841 дона замонавий тиббий ускуна сотиб олинган. Иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан яна 1 минг 400 дан ортиқ тиббий жиҳозлар олиб келиниши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, БМТ ташкилотлари томонидан 11 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари ўқитилган. Туғруқ муассасаларида тиббий хизмат кўрсатиш бўйича 29 та миллий протокол ва қўлланмалар жаҳон стандартлари асосида янгиланган.
Билдирилишича, “Ишонч” жамғармаси ҳисобидан таълим соҳасида мўлжалланган ишлар иккита компонентга бўлинган ҳолда амалга оширилмоқда. Биринчиси бўйича ахборот технологиялари ва рақамли ечимларни кенгайтириш орқали таълим имкониятларини ошириш лойиҳаси ишга туширилган.
“Иккинчи компонентга асосан, халқаро ташкилотлар билан биргаликда, мактабларда санитария-гигиена тизимини яхшилаш, иситиш тизимини модернизация қилиш, мактабларни бошқаришга жамоатчиликни жалб қилишга қаратилган лойиҳа таклифи ишлаб чиқилган. Шу муносабат билан, Швейцария ҳудудида мусодара қилинган ноқонуний маблағлар Ўзбекистон халқи манфаатлари йўлида қайтарилганини олқишлаймиз. Бу келишувга ва ижтимоий лойиҳаларга ҳисса қўшаётган барча халқаро ташкилотлар вакилларига миннатдорлик билдирамиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон томонидан Адлия вазири Акбар Тошқулов ҳамда Швейцария томонидан Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенский ўртасида “Мусодара қилинган активларни тақсимлаш тўғрисидаги битим” имзоланганди. Битим доирасида тахминан 182 млн доллар миқдоридаги маблағлар Ўзбекистонга қайтарилиши белгиланган.
Мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси айрим фуқаролари томонидан ноқонуний орттирилган бўлиб, 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноят иш юритуви доирасида тўлақонли мусодара қилинган эди. Маблағлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Uzbekistan Vision 2030 Fund” Кўп шериклик траст жамғармаси орқали қайтарилади.
Кейинроқ, Бельгиянинг Брюссель прокуратураси Мусодара қилинган мол-мулкни бошқариш марказига (COIV) Гулнора Каримовага тегишли бўлиши мумкин жами 108 миллион долларни мамлакат давлат ғазнаси ҳисоб рақамига ўтказиш бўйича илтимоснома юборганди. Брюссель прокуратурасининг талабига биноан, суд жиноят йўли билан олинган маблағларни иккала давлат ўртасида тақсимлаш керак деган хулосага келган. Бу қарор Европа Иттифоқининг икки аъзо давлати ўртасида мусодара қилинган маблағларни тақсимлаш бўйича мавжуд қонуний механизмга ўхшаш принцип асосида қабул қилинган. Ушбу суд қарорига мувофиқ, 108 миллион доллар Ўзбекистонга ўтказилиши белгиланган. Бироқ баёнотда мазкур маблағларнинг қайси жиноят ва ким билан боғлиқ экани ошкор қилинмаган.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь