Бельгия 108 млн долларни Ўзбекистонга қайтармоқчи
Жамият
−
03 Апрель
14071Жорий йилнинг 28 март куни Брюссель прокуратураси Мусодара қилинган мол-мулкни бошқариш марказига (COIV) жами 108 миллион долларни Бельгиянинг давлат ғазнаси ҳисоб рақамига ўтказиш бўйича илтимоснома юборди. Ушбу маблағ Бельгиянинг фойдасига мусодара қилинган. Бу ҳақда Брюссель прокуратураси сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда телекоммуникация шартномаларини беришда коррупция ва ноқонуний комиссион тўловлар ҳамда уларнинг пул ювиш билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлари бўйича олиб борилган тергов доирасида Ўзбекистон суд органлари халқаро ҳуқуқий ёрдам сўровига биноан Брюссель прокуратурасига мурожаат қилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг коррупцияга қарши конвенцияси асосида берилган халқаро хизмат кўрсатиш буйруғига кўра, Бельгия ҳудудида Ўзбекистон расмийларининг сўрови асосида 200 миллион доллар мусодара қилинган.
Брюссель прокуратурасининг талабига биноан, суд жиноят йўли билан олинган маблағларни иккала давлат ўртасида тақсимлаш керак деган хулосага келган. Бу қарор Европа Иттифоқининг икки аъзо давлати ўртасида мусодара қилинган маблағларни тақсимлаш бўйича мавжуд қонуний механизмга ўхшаш принцип асосида қабул қилинган.
Ушбу суд қарорига мувофиқ, 108 миллион доллар Ўзбекистонга ўтказилиши белгиланган. Бироқ баёнотда мазкур маблағларнинг қайси жиноят ва ким билан боғлиқ экани ошкор қилинмаган.
Маълумот учун, мазкур пуллар Гулнора Каримовага тегишли бўлиши мумкин. Чунки, у 2023 йилда хорижий телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистонда фаолият юритиш учун пора олганликда айбдор деб топилган. Бундан ташқари, 2022 йилда Ўзбекистон Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов Бельгиядан Каримованинг 240 млн долларлик активларини қайтаришни режалаштираётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон томонидан Адлия вазири Акбар Тошқулов ҳамда Швейцария томонидан Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенский ўртасида “Мусодара қилинган активларни тақсимлаш тўғрисидаги битим” имзоланганди. Битим доирасида тахминан 182 млн доллар миқдоридаги маблағлар Ўзбекистонга қайтарилиши белгиланган.
Мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси айрим фуқаролари томонидан ноқонуний орттирилган бўлиб, 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноят иш юритуви доирасида тўлақонли мусодара қилинган эди. Маблағлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Uzbekistan Vision 2030 Fondi” Кўп шериклик траст Жамғармаси орқали қайтарилади.
LiveБарчаси
Самарқанд иқлим форуми бошланди.
04 Апрель