Гулнора Каримова Швейцария судида ютиб чиқди
Жамият
−
23 Июль 2022
37529Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Швейцария судида пора олгани бўйича очилган ишда ғалаба қозонди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Нашрга кўра, Швейцария апелляция суди шу ҳафта ўз мамлакатида алоҳида коррупция можаросидан сўнг қамоққа олинган Каримовани давлат амалдори эмас, деган қарорга келган. Бу унинг телекоммуникация шартномалари эвазига нотўғри тўловлар олгани ҳақидаги даъволар исботланмаганлигини англатади.
Қайд этилишича, суднинг бу қарори Каримовага Швейцария банкларида музлатилган 293 млн франк (303 млн доллар) ни қайтаришга имконият беради.
Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
LiveБарчаси