Гулистон ҳокимининг собиқ ўринбосари 9 йилга қамалди
3-саҳифа
−
09 Январь
6063Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари Қодир Додоев фирибгарлик жиноятини содир қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилди. QALAMPIR.UZ суд ҳукми билан танишди.
Ҳужжатда келтирилишича, ўзгаларнинг мулкини фирибгарлик йўли билан кўлга киритиш ва ноқонуний йўллар билан даромад орттириш мақсадида Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари, инвестиция ва ташки савдо бўлими бошлиғи ва Тошкент туманида яшовчи шахсларга олдиндан жиноий тил бириктирган.
Улар Хитой Халқ Республикаси фуқаролари Қ.Д. ва Х.З.нинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш режаларидан воқиф бўлиб, уларга паррандачилик, балиқчилик ва бошқа фаолиятини амалга ошириши учун Гулистон шаҳри, Гулистон, Оқолтин, Мирзаобод ва Сайхунобод туманларидаги саноат зонасига киритилган объектлар ва ер майдонларини кўрсатиб, дастлаб ўзларининг жиноий режаларини амалга ошириш мақсадида Қ.Д. номига “M.” МЧЖ ҳамда унинг ўғли Қ.Ю. номига “Y.” МЧЖларни очтирган. Улар ноқонуний равишда давлат хизматлари агентлиги томонидан олинган электрон рақамли имзодан фойдаланиб “E-Auksion” онлайн платформасида кимошди савдосида иштирок этган “Ш.г.” МЧЖнинг раҳбари Иззат исмли танишини “E-Auksion”да ўтказиладиган савдо ўйинида “M.” МЧЖ фойдасига ютқазиб беришга кўндириб, жамият раҳбари номидан савдода қатнашиб, “E-Auksion”га қўйилган Сайхунобод туманида жойлашган ҳақиқий нархи 1 млрд 844 млн сўм бўлган, умумий ер майдони 9,2 гектар эски пахта заводи объектининг нархини 200 минг АҚШ доллари эканлиги хакида ёлғон маълумотлар берган холда унинг ҳақиқий баҳосини яшириб, аукционда қатнашиш учун “M.” МЧЖ ҳисоб рақамига 15 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ўзбек сўми қийматида ўтказиб беришини айтиб, уларни алдаб, 15 минг АҚШ доллар ундирган.
Бироқ кейинчалик мазкур саноат зонасида паррандачилик ва текстиль лойиҳаларини амалга ошириш мумкин эмаслигини билганларидан сўнг жиноятлари фош этилмаслиги ҳамда Қ.Д.дан олинган пул маблағларини қайтармаслик мақсадида инвестор олиши мумкин бўлган бошқа ерни қидирган. Шу вақтда Сайхунобод туманининг Бахмалсой маҳалласидаги чорвачиликка ихтисослашган, бинолардан ташқари қўшимча 23 гектар ери бўлган фермани бориб кўришган. Мазкур чорва фермасини ери билан бирга 140 минг долларга сотиб олишга келишилган. Сўнгра уни Қ.Д.нинг ўғли ва жиянига кўрсатиб, ушбу ерни олишга қизиқтиришган.
“Замҳоким” ва таржимон мазкур мулк нархи 250 минг доллар эканини, 200 минг доллар берса, олдинги 100 минг доллардан 50 мингини мазкур чорва фермасини сотиб олиш учун ўтказишлари мумкинлигини айтган.
Қ.Д. 2023 йил декабрь ойи бошида Хитойдан 200 минг доллар жўнатган. Пулни унинг ўғли ва жияни олиб, Қодир Додоевнинг хизмат хонасига келтириб берган. Ҳоким ўринбосари яна олинган пулларни тасдиқловчи ҳужжат сифатида сохта тармоқ жадвали ясаб берган.
Қодир Додоев ва шериклари 10 гектар балиқчилик кўлини сотиб олиб беришини айтиб, Қ.Д.нинг яна 125 минг доллар пулини олган. Аммо кўл олиб бермаган.
Шу тариқа жиноий гуруҳ хитойлик инвесторнинг жами 350 минг доллардан ортиқ пул маблағини қўлга киритган.
2024 йил 4 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Сайхунобон туман судида Қодир Додоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) содир этганликда айбли деб топилган ва унга 9 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Маълумот учун, Қодир Додоев 1994 йили Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳрида туғилган. 2017 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган. У Гулистон шаҳар ҳокимлиги инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича бош мутахассис, 2021-2024 йилларда Гулистон шаҳар ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бухоро вилоятидаги Ромитан тумани ҳокимининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Азиз Бобоев фирибгарликда айбланганди.
LiveБарчаси