Ромитан ҳокими ўринбосари фирибгарликда айбланмоқда
3-саҳифа
−
07 Январь
6286Бухоро вилоятидаги Ромитан тумани ҳокимининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Азиз Бобоев фирибгарликда айбланмоқда. Бу ҳақда суд мажлислари жадвалида келтирилган.
Унга кўра, бугун, 7 январь куни Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судида Бобоев Азиз Ҳожиқурбонович ва унинг акаси Бобоев Лазиз Ҳожиқурбоновичга доир иш кўрилиши зарур.
Иш доирасида уларга Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б, в” бандлари, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 2-қисми “а, б” бандлари ва 3-қисми билан айблов эълон қилинган. 3 нафар фуқаро жабрланувчи сифатида қайд этилган.
Маълумот ўрнида, Азиз Бобоев 2024 йилнинг март ойида Ромитан тумани ҳокимининг инновацион ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган. Бунгача у Ромитан тумани ҳокимининг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича “Ҳазортут” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ёрдамчиси сифатида фаолият кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ноябрь ойида Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, кластер шаклидаги савдо мажмуаси ташкил этиш учун 40 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш шарти билан шаҳар ҳокимлиги захирасидаги 20 гектар ер майдонини аукцион савдога чиқартириб, ютиб бериш ва 49 йил муддатга ерга эгалик қилиш ҳуқуқини расмийлаштиришда кўмаклашиш эвазига 2 млн АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 1 млн АҚШ долларини ўзининг ҳайдовчиси орқали олган вақтида ушланганди.
LiveБарчаси