Грузиялик депутат Блинкен ва АҚШнинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини айтди
Олам
−
23 Май
9221АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Грузия чет эл агентлари ҳақидаги қонунни қабул қилгудек бўлса, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатга санкция киритиши ҳақидаги огоҳлантируви “қуруқ гап”. Бу ҳақда Грузия парламентининг кўпчиликни ташкил этувчи “Халқ кучи” партияси аъзоси Созар Субари Facebook’да Блинкенга ёзган очиқ хатида сўз очди.
“Бу қонуннинг мақсади, менинг чуқур ишончимга кўра, Грузия ҳукуматини сизнинг маъмуриятингиз ҳужумларидан ҳимоя қилишдан бошқа нарса эмас. Шуни унутмангки, хандақда маҳкам ўтирган тўғри одамни кўп нарса, биринчи навбатда, уни ноҳақ хафа қилмоқчи бўлишганини англаш кучли қилади. Шундай экан, сизнинг таҳдидларингиз ҳам халқ қўллаб-қувватламай туриб, инқилоб қилишга уринишлар каби бўш ва беҳудадир”, дейди у.
Депутатнинг урғулашича, АҚШ халқ томонидан қўллаб-қувватланмайдиган нодавлат ташкилотлар ва сиёсий партиялар қўли орқали мамлакатни итоаткор бошқарувга қайтаришга уринмоқда, шунинг учун бу ғоя барбод бўлди. Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг ҳозирги маъмурияти “дўстлик” ва “стратегик шериклик” сўзлари салбий маънога эга бўлиши учун ҳамма нарсани қилди. Сиёсатчининг ишончи комилки, Қўшма Штатлар грузин халқи иродасига қарши иш тутмоқда ва агрессив озчиликни кўпчиликка қарши зўравонликка ундамоқда.
Эслатиб ўтамиз, Блинкен кеча, 22 май куни Вакиллар палатаси Ташқи ишлар қўмитасида ўтказилган тингловда Вашингтонни хорижий агентлар ҳақидаги қонун лойиҳасидан жуда хавотирда эканини айтди ва бу “грузинлар катта қисмининг Европа Иттифоқига интеграцияга интилиш истагига аниқ зид деган фикрни билдирди. Унга кўра, АҚШ ва Европа Иттифоқи Грузиянинг хорижий агентлар ҳақидаги қонуни ортидан ушбу мамлакатга қарши чора кўрмоқчи.
Россияпараст қонун машмашаси
14 май куни Грузия парламенти “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонунни учинчи ўқишда қабул қилди, бу эса Европа Иттифоқининг мамлакатнинг Европа Иттифоқига интеграциялашувини тўхтатиб қўйиш таҳдидлари ҳақида кескин баёнотларга сабаб бўлди. Грузия Президенти Саломе Зурабишвили 18 май куни қонунга вето қўйган эди. Аввалроқ Бош вазир Ираклий Кобахидзе, агар Президент томонидан берилган асосли изоҳлар мақбул бўлса, парламент вето қўйишни қўллаб-қувватлаши мумкинлигини айтган эди. Шу билан бирга, Зурабишвили таъкидлаганидек, у ўзгартиришлар киритмайди, чунки қонунни қабул қилиш мумкин эмас.
18 май куни Зурабишвили чет эл агентлари тўғрисидаги қонунга вето қўйиб,уни бекор қилиш кераклигини, чунки у Европа стандартларига зид ва уни қабул қилиш мумкин эмаслигини айтди. Кейинроқ ОАВда президентнинг парламентга айтган сўзлари тафсилотлари пайдо бўлди. Уларда у қонуннинг бандларига ҳеч қандай ўзгартириш киритмайди ва кучга киргандан кейинги кун уни бекор қилишни таклиф қилади.
“Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жорий йилнинг апрель ойида бошланган. Ўшандан бери Грузияда кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтмоқда. Бир неча марта улар хавфсизлик кучлари билан тўқнашувга айланган. Қонунга АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ, НАТО, ЕХҲТ ва Европа Кенгаши қарши чиқмоқда. Европа етакчилари бу қонун Европа қадриятларига зид эканини айтади. Грузиянинг ҳукмрон партияси етакчиларининг таъкидлашича, у фақат нодавлат сектор ва оммавий ахборот воситаларининг хориждан молиялаштирилиши шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
LiveБарчаси