Грузиядаги сайловлар бўйича 47 та жиноий иш тергов қилинмоқда
Олам
−
31 Октябрь
1536Грузия прокуратураси парламент сайловларида 47 та жиноят ишини тергов қилмоқда. Бу ҳақда Грузия прокуратураси хабар берди.
Баёнотга кўра, 47 та жиноят иши сайловдан олдин ва овоз бериш кунида содир бўлган сохталаштириш, овоз беришга мажбурлаш ва ноқонуний ташвиқот, овоз бериш сирини бузиш ва сайловчиларга таҳдид қилиш каби ҳолатлар бўйича очилган.
Шунингдек, икки киши Марнеулидаги участкада бюллетенларни тўлдиргани учун ҳибсга олинган. Улар икки йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, ҳукмрон “Грузия орзуси” 54 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Мухолифат ва Президент Саломе Зурабишвили сайлов натижаларини тан олишдан бош тортиб, намойиш ташкил этган. Прокуратура қалбакилаштириш тўғрисидаги аризалар бўйича терговни бошлаган ва давлат раҳбарини сўроқ қилишга чақирган. Зурабишвили эса келишдан бош тортган.
Эслатиб ўтамиз, 26 октябрь куни Грузияда бўлиб ўтган парламент сайловларида ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси 54,08 фоиз овоз йиғиб, ғалаба қозонганди. Кейинроқ эса Грузия пойтахти Тбилисидаги парламент биноси олдида сайлов натижаларига қарши митинг бўлиб ўтди. Акция мамлакат Президенти Саломе Зурабишвилининг чақириғи билан ташкил этилган. Намойишчилар Руставели хиёбонида тўпланиб, у бўйлаб машиналар ҳаракатини тўсиб қўйишган. Оммавий норозилик ортидан Грузия Марказий сайлов комиссияси парламент сайловлари бўйича маълумотларини қайта текшириш мақсадида ҳар бир сайлов округида бешта сайлов участкасининг бюллетенларини қайта санаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Украина Президенти Грузиядаги сайловлардан кейинги воқеаларни шарҳлар экан, “Россия Грузияда ғалаба қозонгани”ни айтди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси