Украина Курск АЭСни эгаллаши мумкин эди – Зеленский
Олам
−
30 Октябрь
9268Агар Украина хоҳласа, Курск яқинидаги атом электр станцияси қўлга олинган бўларди. Бу ҳақда Президент Владимир Зеленский Шимолий Европа мамлакатлари ОАВ вакилларига берган интервьюсида маълум қилди.
Шу билан бирга, у Украина ҳарбийлари Курск вилоятидаги “операция” вақтида Курск атом электр станциясини эгаллаб олиш ниятида эмаслигини таъкидлади.
“Биз буни қила олардик, лекин биз буни ҳеч қачон хоҳламаган эдик, ҳеч қачон, чунки бу биз Россия билан бир хил бўлишимизни англатишини тушунамиз. Биз Запорожье атом электр станциясидаги каби уларнинг муҳим инфратузилмасини эгалламаяпмиз”, деди Зеленский.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Украина ҳарбийлари Курск вилоятидаги “ҳужум” чоғида заводлар ёки энергетика тизими объектларини босиб олишга “ҳатто ҳаракат ҳам қилмаган”.
Шунингдек, Украина етакчиси Киевнинг Tomahawk ракеталари сўровини тасдиқлади, бироқ бу Украина ва Оқ уй ўртасидаги махфий маълумот эканини таъкидлади. У бу маълумотларнинг ахборот майдонига "сизиб кетганидан" ғазабини билдирди.
"Биз бу хабарларни қандай тушунамиз? Демак, бу шериклар ўртасида ҳеч қандай махфий нарса йўқлигини англатади", дея қўшимча қилди Зеленский.
Унинг айтишича, Украина 2024 йилда АҚШ Конгресси овоз берган ёрдам пакетининг атиги 10 фоизини олди. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, ҳамкорлар барча ваъда қилинган ҳаво мудофаа тизимларини тақдим этмаган.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина қўшин етишмаслиги туфайли фронтда чекинмоқда.
“Бир йўналишда қўшинлар сони 1 га 8 ни ташкил этиши ҳақида маълумот олганимда, танлов пайдо бўлади: қолиш ва ўлиш ёки албатта, чекиниш, йигитлар, аскарларни қутқариш, одамларни қутқариш”, деб тушунтирди Президент.
Украина Президенти Грузиядаги сайловлардан кейинги воқеаларни шарҳлар экан, “бугун Россия Грузияда ғалаба қозонгани”ни айтди.
“Россия бугун Грузияда ғалаба қозонганини тан олишимиз керак. Аввал Грузиянинг бир қисмини олди, энди у ерда сиёсатни ўзгартирди, ҳукуматни ўзгартирди, энди эса россияпараст ҳукумат, россияпараст позициялар мавжуд. Путинга қарши санкция йўқ, Грузияда кўп руслар бор. Уларнинг танлови Россия билан дўстлик, уларнинг танлови Европа Иттифоқига қўшилиш эмас. Улар ўз позицияларини ўзгартирди. Бугун Россия ғалаба қозонди. Улар Грузиянинг эркинлигини тортиб олди”, дейди Зеленский.
Зеленскийнинг фикрича, Россия Молдовада ҳам “шу йўналишда ҳаракат қилмоқда”.
“Кўрасиз, Россия худди шундай кетмоқда. Улар ҳам худди шундай қилишни истайди ва агар Ғарб қизил чизиқлар ҳақидаги гапларини тўхтатмаса, шундай қилади. Агар улар буни тўхтатиб, бу риторикани давом эттирмаса, бир-икки йил ичида Молдовани йўқотади”, деди Украина раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Британиянинг “Financial Times” газетаси Украина расмийларига таяниб, Украина ва Россия томонларнинг энергетика инфратузилмасига ўзаро ҳужумларни тўхтатиш бўйича дастлабки музокаралар олиб бораётганини хабар қилганди.
LiveБарчаси