Россия ва Киев энергетика объектларига ҳужумларни тўхтатишни муҳокама қилмоқда – FT
Олам
−
30 Октябрь
2536Украина ва Россия томонларнинг энергетика инфратузилмасига ўзаро ҳужумларни тўхтатиш бўйича дастлабки музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда юқори мартабали Украина расмийларига таяниб, Британиянинг “Financial Times” газетаси хабар берди.
“Киев Қатар воситачилигида август ойида келишувга эришган, бироқ Украинанинг Курск вилоятига бостириб кириши туфайли тўхтаб қолган музокараларни қайта бошлашга интилмоқда”, дейилган хабарда.
FT музокаралар билан таниш дипломатнинг сўзларига таяниб, бу босқичда қайта бошлаш мумкин бўлган эрта музокаралар ҳақида гапираётганини аниқлаган.
“Келишув Россия Президенти Владимир Путин Украинага кенг кўламли бостириб киришга буйруқ берганидан бери урушнинг энг муҳим деэскалациясини билдиради ”, деб ёзади газета.
Нашрга кўра, Украинанинг Курск вилоятида мавжудлиги давом этар экан, Москва бундай келишувга рози бўлмаслигини тахмин қилиш мумкин. Газетанинг ёзишича, айни дамда Украина Қуролли кучлари қарийб 600 квадрат километр Россия ҳудудини назорат қилмоқда.
“Қатар жорий йилнинг июнь ойида Украина Президенти Владимир Зеленский ташаббуси билан Швейцарияда тинчлик саммити ўтказилгандан сўнг бу музокараларда воситачи сифатида ишлай бошлади”, деб ёзади “Financial Times”.
Зеленский газетага берган интервьюсида энергетика инфратузилмасига ҳужумларни ўзаро тўхтатиш Россия билан ҳарбий ҳаракатларни тугатиш йўлидаги биринчи қадам бўлиши мумкинлигини айтиб ўтган.
Украина дронларининг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига уюштирган ҳужумларини изоҳлар экан, Зеленский Москва ва Киев ўртасида энергия инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатиш тўғрисидаги келишув можаро деэскалацияси йўлидаги муҳим қадам бўлишини таъкидлаган.
“Биз биринчи тинчлик саммитида энергетика хавфсизлигига ечим топиш мумкинлигини кўрдик. Бошқача қилиб айтганда: биз уларнинг энергетика инфратузилмасига ҳужум қилмаяпмиз, улар бизникига ҳам ҳужум қилишмайди. Бу урушнинг қайноқ босқичининг тугашига олиб келиши мумкин. Мен шундай деб ўйлайман”, деган Украина Президенти.
Зеленский, шунингдек, Киев Ғарб ҳамкорлари билан Украинага йўқотилган ҳудудлардан воз кечиб, НАТОга аъзо бўлиш имконини берадиган “тинчлик учун ер” потенциал келишувини муҳокама қилмаётганини айтган.
“Шубҳасиз, баъзи ҳамкорлар бу ҳақда ўйлашлари мумкин. Лекин улар бу борада мен орқали эмас, балки оммавий ахборот воситалари орқали хабар беради. Биз ҳозир барча муҳокамаларда хавфсизлик кафолатлари масаласини кўтарамиз ва улардан энг кучлиси НАТО ҳисобланади”, дея таъкидлаган Украина раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қўшинлари Украинага ракета ва учувчисиз самолётлар билан ҳужум қилганди. Портлашлар Киев, Одесса ва Николаев вилоятларида, Харьков, Днепр, Запорожье ва мамлакатнинг ғарбий қисмида содир бўлганди. Украина Энергетика вазири Герман Галушченконинг сўзларига кўра, зарбадан нишон энергетика инфратузилмаси объектлари бўлган.
LiveБарчаси