Грузияда “рақамли кўчманчилар” учун виза жорий этилди
Олам
−
17 Апрель 1581 2 дақиқа
Грузия парламенти қонунчиликка хорижий компанияларда масофадан туриб ишловчи чет элликлар – “рақамли кўчманчилар” учун C5 тоифасидаги янги вақтинчалик визани жорий этувчи ўзгартиришларни маъқуллади. Янги визанинг амал қилиш муддати 12 ойни ташкил этади. Бу ҳақда “NewsGeorgia” хабар берди.
“Чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги қонуннинг янгиланган таҳририга кўра, C5 тоифасига мамлакатга туристик мақсадларда кирувчи ва Грузиядан ташқарида жойлашган компанияда масофадан ишловчи шахслар киради. Виза, шунингдек, ариза берувчининг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларини ҳам ўз ичига олади. Виза бериш Грузиянинг иммиграция сиёсати асосида рад этилиши мумкин ва бу қарор устидан шикоят қилиш мумкин эмас.
Қайд этилишича, C5 визасини расмийлаштириш нархи 20 доллардан 500 долларгача этиб белгиланган. Ушбу визани фақат “хавфсиз мамлакатлар” фуқаролари олишлари мумкин бўлади. Ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясидан бўлган ташаббус муаллифларининг таъкидлашича, бундай виза тоифаси аллақачон кўплаб мамлакатларда амал қилмоқда. Ушбу ўзгариш мамлакат иқтисодиётига тўлов қобилияти юқори бўлган мутахассисларни жалб қилиш имконини беради.
Маълумот учун, “рақамли кўчманчилар” (инглизча digital nomads) – рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда масофадан ишлайдиган ва доимий равишда бир мамлакатдан бошқасига саёҳат қилиб юрадиган инсонлардир. “DemandSage” баҳосига кўра, 2025 йил бошида дунё бўйлаб 40 миллион нафар “рақамли кўчманчи” мавжуд бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа мамлакатлари аэропортларида янги кириш/чиқиш тизими (EES) тўлиқ ишга туширилгач, чегара назоратида узун навбатлар ва кечикишлар юзага келгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси