Янги тизим Европа аэропортларида “хаос”га сабаб бўлди
Олам
−
16 Апрель 1457 2 дақиқа
Европа мамлакатлари аэропортларида кириш/чиқиш тизими (EES) тўлиқ ишга туширилгач, чегара назоратида узун навбатлар ва кечикишлар юзага келди. Тиғиз вақтда кутиш муддати икки-уч соатга етмоқда, айрим йўловчилар эса рейсларига кечикмоқда. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.
Қайд этилишича, носозликлар камида 15 та давлатда, жумладан, Франция, Германия, Испания ва Италияда қайд этилган. Муаммолар тизим 10 апрель куни тўлиқ ишга туширилиши билан бошланган.
EES – бу Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар фуқароларини кириш ва чиқишини ҳисобга олувчи янги рақамли тизимдир. У паспортларга муҳр босиш ўрнини эгаллайди ва биометрик маълумотларни – бармоқ излари ҳамда юз суратини йиғишни назарда тутади.
Аэропортлар ва авиакомпаниялар хавф ҳақида олдиндан огоҳлантирган. Амалиётда битта йўловчини расмийлаштириш кутилганидан анча кўп вақт олмоқда, бу эса назорат пунктларига ортиқча юклама келтириб чиқармоқда. Қўшимча қийинчиликлар техник носозликлар ҳамда асбоб-ускуналар ва ходимлар етишмовчилиги билан боғлиқ.
Ирландиянинг Ryanair лоукостери раҳбари Майкл О’Лири тизимнинг жорий этилишини танқид қилиб, юз бераётган воқеаларни “хаос” деб атаган. Аэропортлар огоҳлантиришича, ёз фаслида вазият назоратдан чиқиб кетиши мумкин.
Европа Комиссияси эса вазиятни бошқариб бўладиган деб ҳисобламоқда ва носозликларни тизимнинг ишга тушиш босқичи билан боғлиқ вақтинчалик ҳолат деб атамоқда. У ердагиларнинг фикрича, юклама ортган айрим аэропортларда навбатларни камайтириш учун мослашувчан чоралар кўрилиши мумкин.
Маълумот учун, EES тизимини босқичма-босқич жорий этиш 2025 йилнинг кузида бошланган. Тизим Иттифоқнинг ташқи чегараларида назоратни кучайтириш ва хорижлик фуқароларнинг мамлакатда бўлиш муддатини ҳисобга олишни соддалаштиришга қаратилган.
Live
БарчасиСирдарёда сохта МИБ ходими қўлга тушди
16 Апрель