Грузияда келаси ойда президент сайлови бўлиб ўтади

Олам

image

Грузия парламенти президентлик сайловларини 14 декабрга белгилади. Бу ҳақда парламент спикери Шалва Папуашвили маълум қилди.

"Президентлик сайловлари биринчи марта тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан эмас, балки парламент аъзолари, Ажария ва Абхазия Олий Кенгашлари, шунингдек, маҳаллий маъмурият вакилларидан иборат бўлган сайловчилар коллегияси томонидан ўтказилади", дейди спикер.

Унинг эслатишича, амалдаги Президент Саломе Зурабишвилининг олти йиллик ваколати 16 декабрда тугайди, шунинг учун Конституцияда белгиланган муддатларда сайловлар ўтказиш зарур.

Жорий йилнинг 26 октябрда Грузияда парламент сайловлари бўлиб ўтганди. Унда мамлакатнинг 150 нафар депутатдан иборат олий қонун чиқарувчи органидаги ўринлар учун 20 га яқин партия курашган. 12 йил кетма-кет ҳокимиятда бўлган “Грузия орзуси” партияси 54,3% овоз билан ғалаба қозонган. Шундан сўнг бир нечта партиялар парламентга бойкот эълон қилди.

Маълумот учун, Грузия парламент бошқарув шаклига эга бўлган республика, ижро этувчи ҳокимият Бош вазир бошчилигидаги ҳукумат томонидан амалга оширилади. Давлат раҳбари Президент бўлиб, уни 300 кишидан иборат сайловчилар ҳайъати сайлайди. Ушбу органнинг ярмини парламент аъзолари ташкил қилади, қолган қисмини минтақалардан келган делегатлар тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе БМТнинг Бакуда бўлиб ўтаётган иқлим бўйича COP29 саммити чоғида журналистлар билан суҳбатда Грузияда президентлик сайловлари, эҳтимол, 2025 йил январь ойининг бошида бўлиб ўтишини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия президентлик сайловлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг