Грузияда империалистик кайфиятдаги россиялик сайёҳларни қувиб солишди
Олам
−
31 Июль 2023
6794Жорий йилнинг 26 июль куни кечқурун Грузиянинг Батуми шаҳрига Палау байроғи остидаги Россиянинг саёҳат кемаси етиб келди. Россиялик сайёҳларнинг ОАВга берган интервьюсидан ғазабланган маҳаллий аҳоли уларга қарши намойиш ўтказди. Бу ҳақда “OC Media” хабар берди.
Қайд этилишича, Astoria Grande круиз лайнери Россиянинг Сочи шаҳридан йўлга чиққан ва Туркиянинг Трабзон шаҳри портига кирган. Шундан сўнг Батумига етиб келган. Шаҳарга келган 800 дан ортиқ сайёҳларнинг айримлари бир нечта оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида Россиянинг империалистик сиёсатини, хусусан, Абхазиянинг Грузиядан ажратиб юборилишини ёқлаб чиққан.
Масалан, маҳаллий “Formula” телеканали бир аёлга берган “Сизлар олдин бизнинг ҳудудимизни босиб олганингизни биласизми?” қабилидаги саволига у “Йўқ, бундай деб ўйламайман. Сиз бизнинг иттифоқимиз таркибидаги қандайдир республикамиз эдингиз. Ишғол қилинмагансиз, биродаримиз бўлгансиз”, дея жавоб берган.
Журналист ундан СССР даври ҳақида эмас, балки Абхазия ва Жанубий Осетия тўғрисида сўраётганини айтганида, россиялик сайёҳ “Россия Абхазияни сиздан озод қилди. Улар биздан ёрдам сўрашди, сизлар у ерга танклар билан боргансиз”, деб таъкидлаган.
Шунингдек, аёл Россиянинг Грузияга нисбатан сиёсатини ёқлар экан, Абхазияга борганида уруш пайтида вайрон қилинган биноларни кўрганини ва бу бинолар айнан Грузия томонидан йўқ қилинганини айтган.
“Уларни сиз йўқ қилдингиз. Россия Абхазияга сиздан қутулишга ёрдам берди”, деб давом этган у.
Маълумот учун, Грузия ишғол тўғрисидаги қонунига кўра, Абхазияга Россиядан тўғридан-тўғри кириш беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Юқоридаги аёл эса Абхазияга борганини яшириб ўтирмаган.
Сайёҳлик кемасининг яна бир йўловчиси Россия босқинчи давлат эмаслиги ва у учун ҳамма нарса Совет Иттифоқи эканини таъкидлаган.
“Мен истило ҳақида ҳеч нарса билмайман, биз учун ҳаммаси Совет Иттифоқи. Россия босқинчи эмас, биз Совет Иттифоқимиз, бирлашган ва кучлимиз”, деб айтган у.
Шунингдек, кема бортидаги бир эркак ва аёл уларнинг баёнотларига қарши намойиш ўтказаётган грузияликларни масхара қилгани акс этган тасвирлар ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Шундан сўнг, юзлаб маҳаллий аҳоли кема атрофига йиғилиб, намойиш ўтказди. Турли баннерларни кўтарган намойишчилар “Россия – босқинчи”, “Абхазия – Грузия”, “Россия кемаси йўқол”, “Юртимиздан кетинг” каби ҳайқириқлар билан чиққан. Шунингдек, норозилик акцияси иштирокчилари махсус воситалар орқали Украина мадҳиясини ҳам намойиш қилган. Шунга ўхшаш норозилик чиқишлари мамлакат пойтахти Тбилисидаги парламент биноси олдида ҳам ўтказилган. Охир-оқибат намойишдан бир соат ўтиб кема Батумидан жўнаб кетишга мажбур бўлган.
Маълумотларга кўра, воқеа жойига кўп сонли полиция ходимлари жалб қилинган. Намойиш пайтида Грузия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 9 кишини ҳибсга олган.
Воқеага ҳатто Грузия Президенти Саломе Зурабишвили ҳам муносабат билдирган. У ўзининг Twitter саҳифасида грузияликлар Россиянинг “сўнгги провокациясига” қарши тинч намойиш билан жавоб берганидан фахрланишини таъкидлаган.
“Россия дон кемаларини тўсиб қўйган ва Қора денгизда эркин навигацияга тўсқинлик қилаётган бир пайтда халқимиз унинг сўнгги провокацияси – Грузиянинг Батуми портига круиз лайнери келишига қарши тинч норозилик билдирганидан фахрланаман. Қора денгиз хавфсизлиги Грузия, Украина ва Европа Иттифоқи учун муҳим аҳамиятга эга”, деб ёзган у.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь