Грузияда Ғарбга ёқмайдиган қонун яна кун тартибига чиқяпти
Олам
−
06 Апрель
8440Грузияда ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси бир йил аввал мамлакатдаги норозилик намойишлари туфайли қайтариб олинган “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини парламентга қайта киритиш ниятида. Бу ҳақда партиянинг парламентдаги фракцияси раҳбари Мамука Мдинарадзе маълум қилди.
Унинг айтишича, партия сиёсий кенгаши билан маслаҳатлашувлар натижасида янгиланган “Хорижий таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишга қайтаришга қарор қилинган. Грузиянинг “Формула” телеканалига кўра, янгиланган қонун лойиҳасининг матнидаги ягона ўзгариш “хорижий агент” атамаси “хорижий давлат манфаатлари йўлида фаолият юритувчи ташкилот” ибораси билан алмаштирилгани бўлган.
АҚШ Грузияда таклиф қилинаётган мазкур қонун лойиҳасидан хавотир билдирди. Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер кеча, 5 апрель куни Х ижтимоий тармоғида пост қолдириб, бу қонун Грузияни Европа Иттифоқига қўшилиш йўлидан чиқариб юборишини ва фуқаролар ҳаётини яхшилайдиган жамоат ташкилотларига зарар етказишини ёзди.
Қўшма Штатлар каби Германия ҳукумати ҳам "Грузиянинг ўзида, шунингдек, хорижда жамоатчиликнинг салбий реакциясига қарамай", мамлакат расмийлари баҳсли қонун лойиҳасини муҳокама қилишга қайтганидан афсусда эканини билдирди.
“Матбуот ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги ҳар қандай демократиянинг асоси ва Европа Иттифоқига қўшилиш учун муҳим шартлардир”, дейди Германия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Себастьян Фишер.
Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзенинг 12 апрелга мўлжалланган Германияга ташрифи чоғида бу мавзу муҳокама қилиниши кутилмоқда. Берлинда у Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер, шунингдек, Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашади.
Маълумот учун, “Грузия орзуси” партияси олдин ҳам бир неча бор танқид нишонига айланган. “Хорижий агентлар” тўғрисидаги қонуннинг ўзи 2023 йилда “Грузия орзуси”нинг собиқ депутатлари томонидан асос солинган “Халқ кучи” ижтимоий ҳаракати томонидан кўриб чиқиш учун парламентга тақдим этилган. Қонун лойиҳаси матнида мамлакатда 20 фоиз молиялаштиришни хорижий ҳомийлардан оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини ўз ичига олиши керак бўлган реестр яратиш кўзда тутилган. Реестрга киритилган ташкилотлар ва жисмоний шахслар ҳам солиқ декларациясини тақдим этишлари керак эди, бундан ташқари, уларга давлат органларидан ҳар қандай маълумот олиш тақиқланиши кўзда тутилган эди.
Қонун лойиҳаси парламентда биринчи ўқишда кўпчилик овоз билан қабул қилинди. Бироқ бу мамлакатда оммавий норозилик тўлқинига олиб келди, шундан сўнг ҳужжатнинг кейинги муҳокамаси кун тартибидан олиб ташланди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қирғизистонда шунга ўхшаш қонун қабул қилинганди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Қирғизистонда қонун лойиҳасидан хавотир билдирган, Садир Жапаров эса АҚШдан республиканинг ички ишларига аралашмасликни сўраганди.
LiveБарчаси