Мен Грузия Президенти ва олий бош қўмондони бўлиб қоламан – Зурабишвили
Олам
−
23 Декабрь
4259Грузия Президенти Саломе Зурабишвили 6 йил олдин қасамёд қилган юртга, конституцияга содиқ эканини айтди. Бу ҳақда у 22 декабрь куни давлат раҳбари қароргоҳи яқинидаги Орбелиани майдонидаги Янги йил қишлоғида бўлиб ўтган митингда айтиб ўтди.
“Мен Грузия армиясига ва бугун бу ерга келган фахрийларга содиқ қоламан. Грузия армиясини яратган, жиҳозлаган ва мустаҳкамлаган шерикларга содиқ бўлган Грузияни ҳимоя қилувчи армия. Мен унинг олий қўмондониман ва шундай бўлиб қоламан. Мен бу ерда турган бу одамларга содиқман ва шундай бўлиб қоламан, лекин фақат бу ерда турган одамларга эмас; ҳеч ким мени ҳамманинг Президенти эмас деб ўйламасин – мен шундайман ва шундай бўлиб қоламан”, деди у.
Зурабишвилининг ушбу митингда нутқи пайтида унинг микрофонидан овоз йўқолиб қолган. Шу муносабат билан у бугун, 23 декабрь куни Президент саройидан грузин халқига тўлиқ мурожаатини ёзиб олишга ваъда берган.
Шунингдек, Саломе Зурабишвили янги парламент сайловлари талабини такрорлади. У Грузияда октябрь охирида бўлиб ўтган ва расмий маълумотларга кўра, ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясига ғалаба келтирган сайловларни қонуний деб ҳисобламайди. Сиёсатчи 22 декабрдаги митингда таъкидлашича, янги сайловлар учун овоз бериш санаси бир ҳафта ичида – 29 декабргача белгиланиши керак.
Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе эса Президент Саломе Зурабишвилини янги парламент сайловларини тайинлашдан огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, бу унинг учун жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Кобахидзенинг айтишича, Зурабишвили мухолифат ва ноҳукумат ташкилотлар вакиллари билан учрашув ўтказган, унда янги парламент сайловлари тайинланиши мумкинлиги муҳокама қилинган.
Бош вазирнинг таъкидлашича, Грузияда парламент сайловлари амалдаги қонунчиликка кўра учта ҳолатда тайинланади: Марказий сайлов комиссияси ёки Конституциявий суд аввалги сайловлар натижаларини бекор қилганда, тўрт йиллик муддат тугаши билан ва парламент ҳукуматга ишонч билдирмаса.
Шунингдек, Грузия Бош вазири Президент Саломе Зурабишвилини ваколат муддати тугайдиган 29 декабрь куни лавозимини тарк этишдан бош тортса, қамоқ билан таҳдид қилган.
“Зурабишвилининг лавозимида бир ҳафта ҳам қолмаган. Тўғри, баъзи европалик сиёсатчилар ва амалдорлар 29 декабргача кўп нарса бўлиши мумкин, дейишади, лекин сизни ишонтириб айтаманки, кўп нарса бўлмайди. 29-куни сиз постингизни тарк этишингиз керак бўлади”, деди Кобахидзе.
Айни вақтда Саломе Зурабишвили “Грузия орзуси”нинг асосчиси ва фахрий раиси Бидзина Иванишвили билан янги парламент сайловларини муҳокама қилиш учун учрашишга тайёрлигини билдирган.
“Шахсан мен у хоҳласа учрашишга тайёрман. Биламан, хориждан кўпчилик келиб, унга босим ўтказишга тайёр бўлади. Янги сайловларни чақириш ва уларни зудлик билан ўтказилиши керак”, деган Зурабишвили.
29 декабрь куни Саломе Зурабишвилининг Грузия Президенти сифатидаги ваколатлари тугайди ва унинг вориси, тўғридан тўғри овоз бериш натижасида эмас, сайловчилар коллегияси қарори билан давлат раҳбари этиб тайинланган собиқ футболчи Михаил Кавелашвили инаугурация қилиниши керак.
Грузиядаги сиёсий инқироз
26 октябрь куни Грузияда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси эълон қилганидек, ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси 54% овоз билан ғалаба қозонди. Мухолифат овоз беришнинг расмий натижаларини қабул қилишдан бош тортди ва кўплаб қонунбузарликларни баҳона қилиб, норозилик намойишларига чақирди. Полиция бир неча бор намойишчиларни тарқатиб юборди.
28 ноябрь куни Бош вазир Ираклий Кобахидзе 2028 йилгача Грузиянинг ЕИга кириши бўйича музокаралардан бош тортишини маълум қилди. Шундан кейин норозиликлар янада кенгайди. Европа Иттифоқи ва АҚШ ҳукмрон партиянинг қарорини қоралаб, Грузия билан ҳамкорликни кескин қисқартирди.
Мухолифат Европа Иттифоқини “Грузия орзуси” ҳукуматининг қонунийлигини тан олмасликка чақирди.